foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Атмосферадан туриб, сунъий йўлдошга мослаштирилган “PolarGAP” технологик аппарати ҳамда ҳаводан музликнинг энг пастигача кузатув олиб бориш имконини берадиган радиолокация ёрдамида Антарктида музликларида илмий изланиш олиб борилганида олимларни ҳайратга солган, аср янгилиги дейилаётган, антиқа кашфиётга дуч келинди.

Музлик тагида ўзидан атрофга иссиқлик узатувчи, радиоактив хусусиятга эга, тошга ўхшаш жисм сузиб юргани маълум бўлди. 

Геотермаль иссиқлик жуда секин-аста тепага сузиб чиқаётгани аниқланди. Антиқалиги шундаки, ўзидан иссиқлик тарқатувчи жисмнинг келажакда инсониятга “туҳфаси” қандай бўлади?..

Глобаллашув натижасида яратилаётган янги технологиялар, саноатнинг тезкор ривожи, автотехник воситалар атмосферага ултра бинафша нурлари, турли газлар, куйик тутунларнинг меъёридан ортиқ тарқалишини келтириб чиқараётгани бор гап. 

Яратилган ва яратилаётган ихтиролар ҳар доим ҳам инсониятга манфаат келтирмаган. Енгилликка интилиб яшашнинг қоидаси шу...

Эксперт гуруҳининг айтишича, Антарктида муз қатлами остида радиоактив модда мавжуд экан. Бу абадий музлик маконида кескин ўзгаришлар, яъни уммонлардаги сув сатҳининг кўтарилишига олиб келадиган муз эриши эҳтимоли борлигини билдиради. Радиоактив модданинг иситиш ҳолати Ер юзидаги қитъаларни қиш фаслидан узоқлаштириши мумкин...

Бундан эллик йил муқаддам она заминимизга қор шу қадар қалин тушардики, айрим ҳудудларда қорнинг баландлиги бир метрдан ошарди. Боғчалар, мактаблар ёпиб қўйиларди. Ҳозир ким билан гаплашсангиз “ботинка кўмадиган қалин қор ёққанини ҳеч кўрганим йўқ”, дейди...

Антарктидада олиб борилган тадқиқотлар натижасида, музлик бағрида яна бир неча ўзидан иссиқлик узатувчи манба борлиги аниқланган. Улар турли кўринишга эга эканлиги айтилмоқда. Олимлар музликнинг яқин келажакдаги ҳолати қандай кўринишга эга бўлишини аниқлаб, эҳтимолдан ҳоли бўлмаган ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш керак дейишмоқда.

Аммо музликда ҳам глобал ўзгаришлар содир бўлиши ҳақида ҳеч бир гап йўқ, шунга қарамай, музлик остидаги иссиқлик тарқатувчи модданинг аниқланганлиги кутилмаган ҳодиса бўлди.

* * *

АҚШнинг Калифорния штатидаги, дунёни ларзага солган, ўрмон ёнғини ҳали шаштидан қайтгани йўқ. Ёнғин атрофида истиқомат қилаётган аҳолини хавфсиз жойга кўчириш ишлари давом этмоқда. Қурбон бўлганлар ва бедарак кетганлар сони кун сайин ортиб бормоқда...

Глобаллашув натижасида ер юзининг кўплаб минтақаларида қуёш ҳароратининг кескин кўтарилиши одамларнинг тинч, осуда яшашига хавотир солди. Мазкур йилнинг август ойида Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида тошда тухум пиширишгани, қумда чой қайнатишгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди. Европанинг ғарбий қисмида жойлашган давлатлар аҳолисига қуёш ҳавони қиздирган пайтлар сув ҳавзалари бўйларида салқинлаш имкони берилгани, ҳатто Ислом динини қабул қилган аёлларнинг бассейнда чўмилишига рухсат этилгани минтақаларда ҳароратнинг глобаллашув даражасига етганини кўрсатади...

Бугунга келиб Озон туйнуги, худди модадан қолган либосдек, бир қур унутилгандек, одамлар ҳам ҳавога қараб либосини янгилаш пайида югуриб юрганга ўхшайди. Калифорниядаги ёнғин яқин йиллар ичида ҳеч бир мамлакатда кузатилмаган. Агар келажакда бунданда даҳшатлиси содир бўлмаса, оташ исканжаси аср фожиасига айланади. Олов ичида қолган ўрмон атрофида яшаб келаётган аҳоли ота-бобоси қўним топган манзилни ташлаб кетгиси келмаслиги табиий ҳол. Бироқ, қаршингда ўт балоси жонинга чангал солиб турганда қочгани жой топилмаслигинг ҳам бор гап. Қурбонлар ва бедарак йўқолганларнинг рўйхатга олингани оммавий ахборот воситаларида айтилмоқда. Аммо, тараққиёт глобал нуқтага чиқиб бораётган бир даврда энг замонавий техникалар ҳам ўтни қачон ўчира олишини ҳеч ким айта олмаяпти....

* * *

“Samsung” компанияси фаолиятида рўй берган воқеа шов-шувга айланди. Компания президенти ва ижрочи директори Ким Ги Нам ишчи-ходимлар олдига чиқиб, таъзим ила кечирим сўради. Бир неча йил олдин компанияда ишлаган ёш йигит саратон касалига чалиниб, ҳаётдан кўз юмгани бунга сабаб бўлди. Марҳумнинг ота-онаси судга мурожаат қилади. Ҳукумат доирасида ўтказилган текширувлар натижаси янада ваҳимали чиқди.

Ёш йигитнинг вафотидан сўнг, ўн-ўн беш йил ичида яна етти нафар ишчи саратон касалига чалингани маълум қилинди. Компания томонидан ишлаб чиқарилаётган электро-техник воситаларга ўрнатилган чипларнинг бирига заҳарли кимёвий модда аралашмаси ишлатилган, ушбу химикат инсон организмида саратон касаллигини келтириб чиқарувчи хужайраларни уйғотувчи хусусиятга эга эканлиги аниқланган.

Ер юзи аҳолисининг тўртдан уч қисми ўша чип мавжуд “Samsung” компаниясининг электрон маҳсулотларидан фойдаланади. Одамлар оддий қўл телефони ёки бошқа техник воситаларни ишлатганда зарарли химикатнинг организмга таъсир кучи борми ёки йўқлиги ҳақида айтилмаяпти.

Компания президенти ва ижрочи директори берган баёнотида бу чипдан бошқа фойдаланмаслигини, ўрнига инсон саломатлигига зиён етказмайдиган манба топишини, ҳамда саратон касалига чалинган бемор-ишчиларга 130 минг АҚШ доллари миқдорида компенцация пули тўлашини расман айтган. Аммо, дунё аҳлининг рўзғорида, ёнида, қўлида бўлган электрон воситаларни қайтариб олиш ва зарарини тўлаб бериш тўғрисида ҳеч гап йўқ.

Бу яратиш инсонга хос эмаслигига яна бир исбот. Дунё қизиқ, одамлар тезроқ бойиб кетишни, ҳашамда яшашни истайди, аслида ҳаётнинг маъно-моҳияти бунда эмас-ку. Натижада инсониятнинг борлиқдаги мавжудлигига зарар келтирувчи буюмлар ихтиро қилинади. Енгил ҳаётга кўникиб бораётган одамзот эса унинг ортида жар борлигини ҳали ҳис этгани йўқ.

* * *

Энг ривожланган давлатлар “бўлинган дунёни қайтадан бўлиб олиш”нинг янги қоидасига амал қилиб, яъни энг бой давлатга айланиш учун, мўъжиза яратиш ишқида жон куйдирмоқда. Спортда шундай гап юради: “майдон текис, тўп юмалоқ”, буни қаранг, коинот кенг, Ер шари думалоқ дейилса нима бўларкан, энг чеккада содир бўлган фожиа барча қитъаларга таъсир кўрсатиши табиий эканлигини эътиборга олсак, бугун одамлар атрофида ҳимоя паласаларини яратиш керакка ўхшайди...

Аслида барча нарсалар яратиб бўлинган, биз уларни ўзимизга мослаштириб янгилаб борамиз, халос. Янги маҳсулот ихчам, кенг функцияли, ишлатишга ва кўтариб юришга қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётгани дунё бозорида савдоси чаққон бўлишига интилишдир. Демак, нотабиий, иқлимнинг ўзгаришига сабаб бўладиган, химиявий воситалар керагидан ортиқ қўшилган, ис газини, зарарли нурларни тарқатувчи янги-янги ихтиролар ҳали давом этади...

Жанубий Америка ҳамда Африканинг одам оёғи энди етиб бораётган маконларида, қандай яралган бўлса, шундай яшаётган, топган ризқига шукр айтаётган, цивилизация тушунчаси мутлақо бегона, одатларини, қадриятларини асраб келаётган одамлар биздан онглироқмикин...

Бугунга келиб барчани бир савол қийнаяпти: ихтиролар инсониятнинг бехавотир яшашига хизмат қилармикин...

Юсуф Жўраев 

“Hurriyat” мухбири

Манбаъ: http://uza.uz/

logo_uz