Юртимизда куз фасли келиши билан хазон мавсуми бошланади. Яъни сарғайган дарахт барглари ерга гилам қатори тўкилади ва баргларни йиғиб айрим хонадон, маҳалла, корхона ва ташкилотлар ҳудудларида хазонларни тўплаб ёқиб юбориш ҳолатлари кузатилади.

Келинг яна бир бор ёнаётган хазоннинг нечоғлик зарарли эканини статистик маълумотлар орқали кўрайлик. Бир тонна ҳазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ажралиб чиқади. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ чиқазади. Ундан ажралаётган тутун атмосферада тўпланиб, ҳавога карбонат ангидрид газини чиқазади.

Мутахассисларни айтишича, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак қон томир нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда  аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир этади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш  атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан  беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача микдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дея алоҳида таъкидланган. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар, маҳалла фаоллари ва қолаверса экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари соғлом экологик вазиятни сақлаш ишларидан четда қолмаслиги лозим. Экологик қоидаларни бузган шахсларнинг аниқланишида маҳалла фаоллари ва қолаверса жамоатчи инспекторларимизнинг роли жуда ҳам муҳим.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, республикамиздаги экологик ва қолаверса мавсумий экологик муаммоларни олдини олишда Ўзбекистон экологик ҳаракати қошида фаолият олиб бораётган “Ишонч телефони” ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида “Ишонч телефони”га фуқаролардан 3400 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг 69 фоизидан кўпроғи ижобий ҳал қилинди десак муболаға бўлмайди. Кенги 2-3 йил ичида хазон ёқилиши билан боғлиқ мурожаатлар айниқса Тошкент шаҳрида сезиларли даражада камайиб қолганини инкор қилиб бўлмайди. Бу билан ҳазон ёқилиши бўйича мурожаатлар умуман йўқ деб ҳам бўлмайди албатта,  аҳолидан тушган шикоятлар орасида хазон ёқилиши тўғрисидаги мурожаатлар йўқ эмас. Бунча куни кеча Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Буюк турон” маҳалласида бўлиб ўтган экологик рейд яққол далил бўлмоқда. Ушбу мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда рейдлар уюштирилиб, ҳолат атрофлича ўрганилмоқда. Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, хазонни ёқиб юбораётган фуқароларимиз унинг атроф муҳитга, атмосферага, инсон саломатлигига салбий таъсири ва қолаверса Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексида бўйича жарима солишга мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмасдирлар.  

Бундан ташқари Ўзбекистон экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан ҳар йили мавсумий экологик муаммоларни олдини олиш бўйича тегишли мутассадди ташкилотлар билан ҳамкорликда давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда бўлиб ўтган жамоат эшитувини айтиб ўтиш мумкин.

 Шунингдек, Экоҳаракат Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан ҳар йили куз мавсумида “Ҳазон резги” муносабати билан амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва мазкур режага асосан жойларда яъни маҳаллаларда аҳоли ва ёшлар иштирокида экологик рейдлар, даврa суҳбатлари ва тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Дарҳақиқат, ҳазонни саранжомлаш у қадар қийин иш эмас, фақат бу вазифага тўғри ёндашиш керак, холос. Кейинги пайтларда хазонни ёқмаслик кераклиги ҳақида кўп ва хўп гапирилмоқда, мутахассислар томонидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда, аммо баъзида, айрим жойларда ёқилаётган хазоннинг аччиқ тутуни димоқни ачиштириб, кўнгилни беҳузур қилишига гувоҳ бўламиз.

Шундай экан бу борада олиб бораётган амалий ишларимиз самараси экологик баркарорликни таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, қолаверса аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси, келажак авлодларнинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилиши лозимдир.

Экоҳаракат Тошкент шаҳар

ҳудудий бўлинмаси раҳбари

Диёра Шарипова