foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Ботаника боғи кўнгилочар масканга айлантириладими? Айни шу савол бир неча кун аввал сайтимизда кўтарилган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳусниддин Эргашев Ботаника боғини кўнгилочар масканга айлантириш, у ерга концерт учун саҳналар ва автомат ўйинлари ўрнатилиши кутилаётгани ҳақида “Ўзбекистон 24” радиосининг “Radioface” лойиҳасида айтиб ўтган эди. 

Uza.uz сайти мухбири Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ушбу ташаббусига Ботаника боғи ходимлари ва раҳбарларининг муносабатини ўрганди. 

Мутахассис нима дейди? 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги академик Ф. Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи раҳбари Содиқжон Абдуназаров. 
Тошкентда кўнгилочар масканлар, ёшлар учун парк ва сайилгоҳлар талайгина бироқ, мана шу Ботаника боғига ўхшаш илмий-тадқиқотлар олиб борадиган даргоҳ битта. Ўзбекистонда ўсимликларни интродукция ва реинтродукция қилиш билан шуғулланувчи ягона маскан, бу – Ботаника боғи ҳисобланади. Боғдаги ўсимликлар турларидан келиб чиқсак, у Марказий Осиёда ягонадир. Ботаника боғини паркка айлантириш нотўғри фикр. Мен бу ерга ёшлар келмасин демоқчи эмасман. Боғимизда ўсимлик турлари кўп. Улар орасида шовқинни хушламайдиган, одамларни кўп яқинлашишига бардош беролмайдиганлари бор. Боғимиз паркка айлангач, бу ерда одам кўпаяди. Табиийки, кейин одамларни назорат қилиш қийинлашади. Ёш болалар ўсимликлар орасига кириб уларни пайҳон қилиши мумкин. Қолаверса, одамлар доим ичимлик идишлари ва бошқа чиқиндилар ташлаб кетади. Боғимизда бир-икки тадбир ўтказилгач ходимларимиз бир ҳафта тадбирдан қолган чиқиндиларни тозалаш билан овора бўлди. Шунчаки боғда айланишга келган баъзи одамлар ҳам гоҳида дарахтлар, гулларни синдириб, узиб кетишга ҳаракат қилади. Агар, бу боғни парк қилсак, бу ердаги ноёб ўсимлик дунёсини йўқотиб қўйишимиз мумкин. Яқинда Ёшлар иттифоқининг Юнусобод тумани бўлими боғимизда тадбир ўтказди. Байрамдан сўнг, боғда чиқиндилар қолди. Ундан ташқари тадбирда умуман миллийлигимизга тўғри келмайдиган рақс ва қўшиқлар бўлди. Хуллас, уларнинг байрамидан кўнглимиз тўлмади. Яна бу каби тадбирларга рухсат бериш ниятимиз йўқ. Боғимиз шу ердаги ўсимликлар оламидан баҳра олишни истаган одамлар учун очиқ. Келин-куёвларни суратга олиш учун тадбиркорлар биздан 1-2 гектар жой сўраган. Лекин мен ўсимликларга зарар етказилишини ўйлаб, бунга рухсат бермадим. Ҳозирда ёшлар кўпроқ тадбиркорликка қизиқади, ўсимликларни териб ўрганиб юрадиган ёшлар кам. Шундай экан, тадқиқотчи ёшлар жойига тадбиркорларимиз оғиз солишмасин. Келажагимиз учун бу тадқиқотлар ҳам зарур. Тошкентда биттагина халқ учун хизмат қиладиган 66 гектар илмий тадқиқот маркази бўлганининг зарари йўқ, назаримда. 
Ботаника боғида қандай изланишлар олиб борилади? 
Ботаника боғида бугунги кунда илмий тадқиқотларни олиб борувчи ёшлар сафи кенгайган. Илмий изланишлар олиб борилаётган ўсимликлар сони юздан ортиқ. Ҳозирда боғда онкология институти билан ҳамкорликда ўпка саратонига даво бўлувчи ўсимликни кўпайтириш, етиштириш усуллари ўрганилмоқда. Ундан ташқари шаҳарда йўл четига экиш учун, автомобиллардан чиқаётган газлар, иссиқликка чидамли ўсимлик турларини аниқлаш бўйича ҳам тадқиқотлар олиб борилади. Боғда ҳозирда йўқолиб кетаётган дарахтларнинг ягона (оналик) нусхалари сақланиб қолган. Талабалар уларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш билан шуғулланмоқда. 
Боғ 20 йил қаровсиз қолган эди 
Илмий ходимларнинг далолат беришича, Ботаника боғи 20 йил давомида қаровсиз, эътиборсиз қолган. 2013 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 211-қарори чиққач, унда Ботаника боғини қайта реконструкция қилиш бўйича режалар келтирилади. Бироқ, бу режа 2018 йил май ойигача амалда ишламаган. 2018 йилда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами боғда ўтказилиши режалаштирилгач, боғдаги асфальт йўллар текисланиб, таъмирга муҳтож жойлар тартибга келтирилган. Бугун Ботаника боғи алоҳида хўжалик сифатида ажралиб чиққан. Унда 3 нафар фан доктори, 4 нафар фан номзоди ва ўнга яқин магистр, бакалаврлар фаолият олиб бормоқда. Ботаника боғи бугунги кунда Тошкент фармацевтика институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат аграр университетлари билан ҳамкорлик қилади. Ботаника боғи била Жанубий Кореянинг Шингу институти ботаника боғи ва Хитойнинг Кульмин боғлари ўртасида ҳамкорликлар йўлга қўйилган. 
Катта йўқотиш 
1996 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ботаника боғига тегишли 22 гектарга яқин жой “Ҳайвонот боғи” учун ажратиб берилган. Ноёб ўсимликлар дунёсига эга бўлган боғнинг катта қисми пайҳон қилиниб, у ерга “ҳайвонот боғи” кўчирилади. Айни пайтда “Ҳайвонот боғи”да Ботаника боғидан қолган ўсимликлар олами ўз ҳолича сақланиб қолинмаган. Бугунги кунда боққа яна концерт дастурларига мўлжалланган саҳналар қуриш, автоматлар ўрнатиш билан салкам 100 йиллик ўсимликлар оламига катта зарар етказилиши мумкин. 
“Тадбиркорлар бугун Ботаника боғидан даромад олишга кўз тикмасдан, унга ёрдам берсин. Ариқларимизни тозалаш, техникалар олиш, илмий тадқиқотлар олиб бораётган ёшларни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшсин. Ўтган йили “Лукойл” компанияси 10 та янги ўсимликлар турини совға қилди. Тадбиркорларимиз илм учун ҳам инвестиция қилса, ёмон бўлмасди”, дейди Ботаника боғи раҳбари Содиқжон Абдуназаров. 

Манбаъ: http://uza.uz/

logo_uz