“Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонунга асосан соҳилбўйи минтақалари муҳофаза этиладиган ландшафтлар турига киради. Бундай ҳудудлардан фойдаланиш ва уларнинг муҳофазаси юзасидан таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кейинги йилларда мазкур соҳада қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари кўпаймоқда.

Айниқса, сув объектларининг ифлосланиши, булғаниши, тупроқ эррозияси натижасида саёзланиши, шунингдек, қулай сув режимини сақлаб туриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг сони ошяпти.

Айниқса, мазкур ҳужжатнинг 41-моддасига асосан соҳилбўйи минтақаларида сув хўжалиги объектларини қуришдан ташқари, ҳар қандай турдаги қурилиш тақиқланган. Лекин, жойларда бу талаб бажарилмаяпти. Соҳилбўйи минтақаларида аҳоли томонидан ноқонуний тарзда яшаш учун мўлжалланган бинолар ва умумий овқатланиш объектлари ҳамда бошқа қурилишлар қилинмоқда.

Масалан, фақат Тошкент шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи 128 та канал ва суғориш тармоқларининг узунлиги 412,5 км.ни ташкил этади. Аниқланишича, уларнинг қирғоқ бўйи минтақаларида жойлашган 1300 дан ортиқ объект ва қурилмалар “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуннинг талабларини бузган ҳолда жойлаштирилган. Юнусобод, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи “Бўзсув” канали қирғоқ минтақаси айрим жойларда ўзбошимчалик билан ўраб олинган 180 дан ортиқ объект ва иншоотлар, шу жумладан, турар жой бинолари, молхона, умумий овқатланиш ва савдо объектлари қурилган. Антисанитария шароитлари кузатилмоқда. Буларнинг барчаси сув объектларини чўкиндилардан тозалаш учун мўлжалланган техникаларнинг кириши ва ишлашига ҳамда қулай сув режимини таъминланишига тўсқинлик қилмоқда.

Қирғоқ бўйида ўзбошимчалик билан қурилган объект ва иншоотлардан дарё, сой ўзанларига маиший ҳамда бошқа чиқиндилар, шу жумладан, оқава сувлар ташланмоқда. Бунинг оқибатида, инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга хавф туғиляпти.

Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, вужудга келган ҳолатлар асосан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун маъмурий жазо чораларнинг етарли эмаслиги ва самараси пастлигидан келиб чиқмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82-моддасига жарима миқдорини оширишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилади.

Олий Мажлис юқори палатасининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳининг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамасига бағишланган йиғилиши шу мавзуга бағишланди.

Мазкур ҳужжат амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш, мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, Кодекснинг сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантирганлик, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузганлик, шунингдек, саноат, рўзғор чиқиндилари ва бошқа чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун чоралар кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритиляпти.

Қонун юзасидан ишчи гуруҳ аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Манбаъ: http://xs.uz/