Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида иштирок этиб, бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган ўта жиддий экологик муаммо — Орол денгизи фожеасининг бартараф этишга қаратилган инавацион ғояларни илгари сурди. Илгари дунёдаги қуриқлик ўраб турувчи йирик тўртта денгизидан бири ҳисобланган Орол ўрнида ҳосил бўлаётган Оролқум саҳроси ҳудудида истиқомат қиладиган аҳолининг турмуш тарзини яҳшилаш, уларга қулай меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш бўйича  аниқ таклиф ва тавсиялар берди.

Муаммога Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Глобал экологик фонд ва бошқа ҳамкор ташкилотлар, донор давлатлар эътиборини янада кучайтириш зарурлигни эътироф этди.Таъкидлаш керакки, Орол денгизи таназзули аҳолисининг умумий сони 60 миллиондан ортиқ бўлган қатор давлатларга таъллуқли, инсоният тарихидаги энг йирик экологик ҳалокатлардан бири. “Оролбўйи” тушунчаси — бевосита Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, билвосита Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларини қамраб олади. Денгизнинг қуриб қолган қисми ўрнида пайдо бўлган “Оролқум”— қум- тузли саҳросидан кўтарилаётган бўронлар минтақа чеграсидан анча узоқларгача етиб, қишлоқ ҳўжалиги, ижтимоий инфротузулмаларга зарар етказади. Фожеанинг экологик-иқлимий, иқтисодий-ижтимоий, гуманитар оқибатлари минтақадаги барча давлатларнинг барқарор ривожланишига жиддий ҳавф солиши билан бирга, генафондни бузилиши, турли юқумли касалликларни тарқалиши ва бошқа оқибатларга олиб келиши мумкин. Айнан шу сабаб, мазкур муаммо ҳамкорликда, келишиб ҳал этилиши, бу борадаги сай-ҳаракатлар мувофиқлаштириб борилиши, муаммога халқаро ташкилотлар янада чуқирроқ жалб қилинишини тақазо этмоқда. Айтиш керакки, Жамғарма таъсисичи давлатларининг мавзу юзасидан юқори даража ва доирадаги йиғилиши турли сабабларга кўра қарийб ўн йилдан буён ўтказилмаётганди. Натижада, шу давр мобайнида ҳамкорлик анча сусайди. Орол бўйидаги экологик иқтисодий ва ижтимоий муаммоларга қарши ҳамма ўз билганича курашиб келди. Шу маънода, йиғилиш қуриб бораётган денгиз ҳавзасида жойлашган барча мамлакатларнинг сай-ҳаракатларини бир тизимга солишга хизмат қилиши, муаммога илму фаннинг сўнгги ютуқларини жорий этишга келишиб олингани билан ҳам аҳамиятлидир. Президентимиз таъкидлаганидек, Орол денгизининг қуриши муаммосининг салбий оқибатлари тобора чуқурлашмоқда. Минтақадаги давлатлар аҳолиси сув ресурслари тақчиллиги, ичимлик суви сифатининг ёмонлашуви, тупроқнинг деградацияга учраши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши, жиддий иқлим ўзгаришлари каби муаммоларга  дуч келяпти. Ўзбекистон томони Оролбўйи ҳудудида фожеа оқибатларини камайтириш борасида қатор лойиҳаларни амалга оширди. Бир неча йил ичида Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрҳокликка чидамли ўсимликлардан иборат 350 минг гектарлик бутазорлар барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони ҳозирги кунда 700 минг гектарни ташкил этмоқда. Минтақа аҳолисини қийнаб келаётган тоза ичимлик сувининг танқислиги муаммоси тизимли равишда ҳал этиб борилмоқда. 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди. Унда Оролбўйи аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, хусусан, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш ва бандлигини таъминлаш, уй-жой, тоза ичимлик сув, энергия ва газ таъминоти даражасини ошириш, канализация, санитария ва маиший чиқиндилардан фойдаланиш тизимларини яхшилаш, таълим, маданият, спорт, ободонлаштириш ва атроф муҳит муҳофазаси борасидаги қатор тадбирлар белгиланиб, дастур ижроси қатий назорат қилиб бориляпти. Аммо, тан олиш кераки, шу кунгача ишлаб чиқилган стандарт дастурлар, иш режалари асосидаги фаолиятимиз етарлича самара бераётгани йўқ. Шу туфайли, президентимиз минтақамизда ноқулай экологик вазиятни тубдан яхшилаш учун қатъий ва ностандарт чора-тадбирлар зарур эканини алоҳида таъкидлади. Бунда Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўлишини билдирди. Дарҳақиқат Орол муаммоси оқибатларини имкон қадар ижобий ҳал этишда минтақадаги барча давлатларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётга “яшил иқтисодиёт”, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологияларни кенг татбиқ этиш бўйича комплекс режалар ишлаб чиқилиши лозим.Экотуризмни ривожлантириш орқали ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлаш, халқаро ҳамжамиятни мазкур муаммога эътиборини янада кенгроқ жалб этиш, бевосита Оролбўйи ҳудудида халқаро анжуманлар ташкил этиш керак. Ўзбекистон томони бу борада баъзи тажрибаларни синаб кўрди. Мисол учун, республика тижорат банкларининг 6 та лойиҳаси асосида маҳаллий ва чет эл туристларининг оқими сезиларли даражада ошишига эришилди. Орол инқирози маркази – Мўйноқ шаҳридаги “Кемалар қабристони”да ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, сайёҳлар учун қулай шароит ва “Маёқ” кафеси барпо этилди.Йиғилишда Президентимиз Оролнинг қуриган қисмини бутазор ва дарахтзорларга айлантириш ғоясини илгари сурди. Бу ҳавога заҳарли аэрозол чанглари кўтарилишини камайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу борада ўзаро ҳамкорликда, иш юритмаслик оқибатлари эса жорий йил минтақамизда кузатилган қум бўронлари мисолида яққол намоён бўлади. Президентмиз чўл шароитига чидамли ва озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш бўйича Минтақавий марказ ташкил қилишни таклиф этди. Марказда чўл шароитига мослашган ўсимликлар навларини яратиш бўйича илмий, инновацион изланишлар олиб борилиши лозим бўлади. Мутаҳассисларга кўра шу йўл билан 10-12 йил давомида кутилган натижага эришиш, Оролқум саҳроси ўрнида экологик ҳилмаҳилликни сақлаган ҳолда улкан ўрмонзорларни яратиш имкони мавжуд. Бу эса ўз ўрнида қум бўронларини олдини олиш билан бир қаторда минтақадаги давлатларга, янги яйловларни ташкил қилиш ҳисобига, одамларни иш билан таъминлаш, иқтисодий даромад ҳам келтиради. Шу билан бирга сувни тежаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларидаги минтақавий ҳамкорлик даражасини кескин ошириш керак. Бусиз нафақат Марказий Осиё балки бутун дунё учун катта фожеа ҳисобланган Орол денгизи ҳалокатининг салбий оқибатларини бартараф қилишнинг имкони мавжуд эмас.  Денгиз ҳудудининг асосий қисми жойлашган ва Жамғарма таъсисчи давлатлари орасида фожеа оқибатида энг кўп зарар кўрган мамлакат — Ўзбекистон эканини ҳисобга олсак юртимиз учун мазкур йиғилиш ўта манфаатли ва  самарали бўлди, десак янглишмаймиз. 

                                                           Борий АЛИХАНОВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.