Атроф-муҳитни покиза сақлаш, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун экологик хашарларда фаол иштирок этиш барча каттаю-кичик, ёшу-қарининг бирдек вазифаси ҳисобланади.

 Албатта, ҳашарлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг  экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш, уларни она табиат ва унинг неъматларига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига ёшларни кенг жалб қилиш, озодалик ва ободлик каби миллий анаъналаримизни ёшлар онгига сингдириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш,  узлуксиз экологик таълим-тарбия тизимига кўмаклашиш, қолаверса, юртимиз озодалиги ва ободлигига ҳисса қўшишдан иборат. Атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшаш, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш халқимизга хос бўлган бебаҳо урф-одамларимиз, қадриятларимиз сарасига киради. Маълумки, дам олиш ва истироҳат боғлари нафақат аҳоли ҳордиқ чиқарадиган маскан, балки улар экотизимнинг ажралмас бир қисми сифатида ушбу ҳудуд иқлимининг муътадиллигини таъминловчи маскан саналади. Бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб дам олиш ва истироҳат боғлари юртимиз аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб дам олиш ва истироҳат боғларига ташриф буюрувчилар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш орқали уларнинг экологик маданиятини юксалтириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам кенг жалб қилиш лозимдир. Таъкидлаш жоизки атроф-муҳитни покиза сақлаш, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш халқимизга хос одат. Ўраб турган оламимизни экологик ҳолатини бир меъёрда бўлишини таъминлашда ўсимликлар оламининг ўрни беқиёс. Ўсимликлар ҳаво, тупроқ, сувни - чанг, газ сингари чиқиндилардан тозалаб, унинг ўрнини кислород билан тўлдириб турадиган  лабораториядир. Табиатга оид ҳар бир мавжудликни асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак зеро, табиатни асраш ва уни севиш биз, инсонларнинг зиммасидаги муҳим вазифа, бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз даркор.  

                                                                                           Азиз юртдошлар!                                       Умумхалқ хашарларда фаол иштирок  этайлик. 

Самад БЕГИЕВ

Ўзбекистон экологик ҳаракати

“Ёшлар қаноти” етакчиси