Йил йилга ўхшамайди, дейди халқимиз. Айниқса, жорий йилнинг қурғоқчилиги деҳқонларимизни жиддий синовдан ўтказиб, сувдан оқилона фойдаланишни тақозо этмоқда. Бошқачароқ айтсак, жорий йил том маънода сувнинг ҳар қатраси зарга тенг эканини, ундан заргарона фойдаланиш  зарурлини кўрсатди. 

Мамлакатимиз  Президенти жорий йилнинг 29 май куни бўлиб ўтган  видеоселектор йиғилишида сув танқислиги масаласига тўхталар экан,   ҳар бир раҳбар ва фуқародан омилкорлик билан иш кўриш, сув танқислиги  асоратларининг олдини олишга деҳқон ва фермерга кўмакдош бўлиш лозимлигини  қатъий белгилаган эди.

Шу асосда айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ишчи гуруҳлари барча вилоятларда бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам қизғин фаолият юритиб, вилоят қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш борасида депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатган ҳолда деҳқон ва фермерларга яқиндан ёрдам бермоқда. 

– Давлатимиз раҳбари белгилаган вазифалар ижросини таъминлаш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида кўриб чиқилиб, вилоятда қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзадан кафолатли ҳосил яратишнинг қўшимча чора-тадбирлари  белгилаб олинди, – дейди халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари доимий комиссияси раиси Алижон Жалилов. – Мазкур чора-тадбирларда маҳаллий кенгашлар депутатларининг вазифалари ҳам алоҳида белгиланиб,  ҳар бир туман кесимида ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланди ҳамда улар ҳозирда  жойларда ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар.  

Таъкидлаш жоиз, ғўзанинг  сувга қондириш оралиқларини чўзиш мақсадида  деҳқонларимизнинг     асрий агротехник тажрибаларидан кенг фойдаланилмоқда.

– Кекса деҳқонларимиз культивация тадбирларидан  оби-тобида фойдаланиш суғориш оралиғи чўзишда муҳим омил эканлигини тавсия этишди, - дейди парламент қуйи палатаси депутати Аҳад Аҳмедов. – Шу боис айни кеча-кундузда вилоятдаги пахта  майдонларида ерни чуқур юмшатиш, майда чопиқдан ўтказиш, суспензия сепиш, зараркунандаларга қарши курашиш тадбирлари ўтказилди.  Натижада тупроқ қиздирилиши билан  бирга ҳаво алмашинуви яхшиланиб, ғўза  ривожланиши таъминланмоқда.

Вилоятдаги 131 минг 840 гектар экин майдонларини июнь-август ойларида  суғориш учун 1 млрд. 238 млн  кубометр сув талаб қилиниши ҳисоб-китоб қилинган. Соҳа мутахассисларининг  башоратларига кўра шу даврда вилоят бўйича  дарёлардан олинадиган сув миқдори  1 млрд. 33 млн.  кубометрни ташкил қилади. Бу эҳтиёждагига нисбатан  205 млн кубометр ёки 17 % кам демакдир.

Вилоятда кутилаётган сув танқислиги салбий таъсирини юмшатиш 39 минг гектар суғориладиган майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш мақсадида   сув хўжалиги ташкилотларининг 1204.5  млн.сўм  эксплуатация маблағларини ўзлаштириш ҳисобига 25 та хўжаликлараро каналларнинг 143.4 км қисмини экскаваторлар ёрдамида  тозалаш, бузилиб кетган бетон қопламаларни тиклаш учун 623.5 кубометр бетон ишларини бажариш, 93 дона гидротехник иншоотларни таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Дастур доирасида давлат ҳисобидаги 30 дона насос станцияларининг агрегатларини, 25 дона суғориш қудуқларининг  насослари алмаштирилди.

Фермер хўжаликларининг экин турлари бўйича аниқланган маълумотларга асосланиб, ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонаси, шу жумладан фермер хўжаликлари кесимида биринчи навбатда, муҳим экин турлари пахта, аҳоли томорқаси, экспортбоп ва такрорий экинларга етказиладиган  сув миқдорлари аниқланди, 60 кунга режалаштирилган  сув етказиб бериш ва суғориш гарфиклари ишлаб чиқилди. Фермерлар кесимида сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш аҳволи таҳлил қилиниб, ишлаб чиқилган графиклар муҳокама қилиш ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман кенгашларига тақдим этилди. Сув беришни суғориш тармоғининг  энг қўйи қисмида жойлашган фермер хўжаликларидан бошлаш графиклари барча туманларда ишлаб чиқилди. Сувчиларга мўлжалланган 1263 та уйлар яратилди. Пахта суғоришни бошлаган фермерларнинг сувчилари далага тўлиқ кўчирилиб,  сувчилар уйларида иссиқ овқат тайёрланиши ташкил этилди.

Натижа ҳам шунга яраша баракали ва унумли бўлмоқда. Сув хўжалиги ходимлари Қонунчилик палатаси депутатлари билан ҳамкорликда далаларни айланиш пайтида мироблар тунда ҳам сувни нобуд қилмай пайкал оралаб суғораётганларининг  гувоҳи бўлдилар.

Манбаъ: http://parliament.gov.uz