Ҳозирги кунда дунёда аҳоли сонининг ўсиши ҳамда иқтисодиёт жадал суръат билан ривожланиши табиий чекланган неъматлардан бири — сув ва сув ресурсларига бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ошишига олиб келмоқда. Ана шундай мураккаб бир шароитда сувдан оқилона ҳамда тежамкорлик билан фойдаланиш айни муддаодир.

Маълумки, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан, бошқа минтақаларда бўлгани каби табиий ресурсларга, масалан, сув ресурсларига бевосита боғлиқ. Хусусан, республикамизда аграр соҳани ҳамда иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлган саноатни ривожлантириш сув ресурслари билан таъминланганлик ҳамда улардан фойдаланиш ҳолати билан ҳамоҳангдир.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бежиз 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалалар, яъни қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш тадбирларини самарали ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, 1 июндан 1 июлгача зарбдор ойлик сифатида эълон қилинмади.

Бугунги кунда сувдан оқилона фойдаланиш юртимизнинг барқарор тараққиётида ҳал қилувчи масалалардан бирига айланди. Охирги йилларда сезилаётган иқлим ўзгаришлари натижасида сув ресурсларининг камайиши оқибатида табиий сув танқислиги кучайиб, вазият янада мураккаблашмоқда. Шундан келиб чиқиб, айни кунларда жойларда бу борада ташкилий-амалий чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фаол иштирок этиб, қишлоқ хўжалигида сув ва ер ости сувлари заҳирасидан унумли ва оқилона фойдаланиш бўйича парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатмоқдалар.

Шу ўринда яқинда Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан қабул қилинган ер ости сувларидан рухсатсиз сув олишда юридик ва жисмоний шахслар жавобгарлигини оширишни назарда тутувчи қонун сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар ечимида муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этиш зарур.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилган ушбу қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилди ҳамда депутатлар муҳокамасига киритилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди ҳамда ташаббускорларга кўплаб саволлар берилди. Албатта, ер ости сувларидан фойдаланишнинг бугунги кундаги ҳолатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мазкур қонун лойиҳаси долзарб ҳисобланади. Аммо аксарият депутатларнинг ташвишига ва ҳақли эътирозига сабаб бўлган муҳим масалалардан бири бу —одамларнинг ўз эҳтиёжи ҳамда томорқа хўжалигини суғориш учун ер ости сувларидан якка тартибда олишга мўжалланган қудуқлардан фойдаланиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган оқибатлардир.

Айтиш жоизки, фуқаролар ўз эҳтиёжи учун сув ресурслари етишмаслиги боис охирги чора сифатида ер ости сувидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Депутатларнинг шу каби саволларига ташаббускорлар томонидан батафсил маълумотлар берилмаганлиги ҳамда депутатларнинг таклифлари инобатга олинмаганлиги сабабли қонун лойиҳаси икки марта Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси муҳокамаси чоғида кун тартибидан чиқарилди.

Қуйи палатада бўлиб ўтган ишчи гуруҳи муҳокамалари ва ўрганишлар ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлилидан сўнг қонун лойиҳасига тегишли ўзгартишлар киритилиб, депутатлар таклифлари инобатга олинган ҳолда, қабул қилинди. Қонун “бундан жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари, шу жумладан томорқа ер участкаларини суғориш учун ер ости сувларини якка тартибда олишга мўжалланган сув қудуқларини қазиш мустасно” деган жумлалар билан тўлдирилди.

Қонунчиликка киритилган мазкур қўшимча ва ўзгартиришлар ер ости сувлари рухсатсиз олиниши камайишига, юридик ва жисмоний шахсларнинг бу борадаги жавобгарлигини оширишга, мазкур йўналишда давлат назорати самарадорлигини кучайтириш ҳамда ер ости сувлари захираси сақланиши ва оқилона фойдаланишини таъминлашга хизмат қилади.

  Фарҳод ҚУВВАТОВ,

Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

Манбаъ: http://parliament.gov.uz