foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Ҳозирги даврда  инсоният олдида турган долзарб муаммолар сирасида, сув ресурсларини тежаш, асраб – авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишдек муҳим масала  турибди. Бугунги кунда инсоният, Ер юзида тамадунни асраб қолиш учун техника, коинот мўъжизаларини англаб етиш эмас, балки энг аввало, ҳаёт учун зарур бўлган ичимлик сувининг етарли бўлиши лозимлигини инъикос этди.

Ҳозирги кунда Сайёрамиз аҳолисининг учдан бир қисми турли минтақаларда сув ресурсларига нисбатан ўта оғир муҳтожликни бошидан кечирмоқда. Айниқса Африка, Осиё қитьаларида ичимлик суви жуда танқис ва бу қитъанинг  айрим  ҳудудларида қурғоқчилик кучайган ва у келтириб чиқарган очарчилик натижасида эса  миллионлаб инсонлар  азият чекмоқда.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида табиатда турли хил хавф-хатар, қурғоқчилик юз бериши мумкин. Ҳозирги илм–фан шуни тан олмоқдаки, агар келажакда озиқ-овқат маҳсулотлари, тикланмайдиган табиий ресурслар, улар ўрнини бошқа усуллар билан яратилган маҳсулотлар эгаллаши мумкин бўлсада, аммо сувнинг ўрнини бошқа бирор бир нарса боса олмайди. Шу боис Сайёрамизда ичимлик сувининг камайиб бораётганлиги ўта оғир хавфларни туғдиради. Бу эса ичимлик сувининг асосан ер ости, ер устидаги дарё ва кўллар сувининг турли хил кимёвий бирикмалар билан ифлосланиши натижасида келиб чиқмоқда.

Боз устига, Ер юзидаги дарёларнинг ярмига яқини ифлосланган, уларнинг ресурслари тугаб бормоқда. Шунингдек, Ер шаридаги ботқоқликлар майдони ва ички сув ресурслари қисқармоқда. Ҳар куни дунёда   6 минг бола  санитария – гигиена қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган сув истеъмол қилганликлари туфайли ҳалок бўлмоқдалар.

Ҳозирги даврда  ички сув ҳавзалари, айниқса Европа дарёлари шу қадар ифлосланиб кетаяптики, улар табиий йўл билан ўзини ўзи тозалай олмаяпти. Бундай сувлар ичиш учунгина эмас, балки маиший хизмат, турмуш ва саноат эҳтиёжлари учун ҳам яроқсиз бўлиб қолаяпти.

Чучук сувлар ифлосланишининг асосий сабаблари урбанизация, саноат, маиший – коммунал хўжаликлари ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарининг жадал ривожланиши билан боғлиқ. Шунингдек ўғит ва заҳарли химикатлар ишлатилган далалардан оқиб чиққан сувлар, чорвачилик фермаларидан оқиб чиқадиган сувлар ва бошқалар.

Айниқса, саноатда ифлосланган оқар сувлар таркибида ҳар хил кислоталар, фенолли бирикмалар, водород сульфиди, аммиак ва бошқа биркмалар, шунингдек улар таркибида хар хил биоген моддалар бўлади. Ғарбий Европадаги айрим мамлакатлар дарёларини тубдан тозаланмасдан қайта ишлаб бўлмайди. 

Сув танқислиги катта иқтисодий қийинчилик билан бирга аҳоли саломатлигига ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Сувнинг ифлосланиши туфайли турли  касалликлар – ошқозон ичак, буйрак, жигар, қонда турли аллергик хасталиклар содир бўлади. Ифлосланган сув орқали зарарли гельмитлар инсон организмига ўтади. Ич терлама, дизентерия, гипатит ва бошқа касалликлар кўпаяди. Сувда кимёвий элементлар, бирикмаларнинг меъёридан ортиқ бўлиши уларнинг аста-секин тўпланиб боришига шароит яратади, натижада айрим касалликларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик сув сифатининг пастлиги ҳамда сув таъминотида санитар – гигиеник қоидаларнинг бузилишлари билан боғлиқ.

Бугун дунёдаги қарийб 7  миллиардан зиёд аҳолининг  3 млрд.га яқини ифлосланган сув истеъмол қилмоқда ва бунинг оқибатида уларнинг деярли 2 миллиарди турли касалликка чалинган.

Кишининг  ўз меъёрида ҳаёт кечириши учун бир суткада санитар меёрларга кўра 50 литр сув керак бўлади. Ҳар 5 секундда Ер юзидан 80 миллион литр сув буғланади. Қуруқ иқлим (арид) минтақасидаги ривожланаётган мамлакатларда 1,1 млрд.киши бир кунда атиги 5 литр сув ишлатилмоқда. Европа давлатларида  бу кўрсаткич суткасига  200, АҚШда эса 400 литрни ташкил қилмоқда.

Мутахассисларнинг маълумотларига  кўра, ҳатто минерал сувни ҳам доимо истеъмол қилиш ярамайди, чунки унинг таркибидаги эриган тузлар ёки бошқа моддалар организмда мавжуд тузлар ўртасидаги мувозанатни бузади ва ошқозон – ичакдаги биокимёвий реакцияларни тезлаштиради ёки секинлаштиради.

Марказий Осиёда сув захираларининг қисқариши, уларнинг сифат кўрсаткичларини пасайиши, ҳам энг долзарб муаммолар сирасига киради.  Албатта, минтақамиз, халқимизнинг келгусида соғ-саломталиги, келажаги бевосита тоза ичимлик суви билан боғлиқ, лекин шуни унутмаслик керакки, кейинги йилларда тоғларга кам қор тушмоқда, музликлар майдони қисқармоқда, бунинг устига тоғ зоналаридаги сув захирасини тўпловчи ўрмонзорлар, арчазорлар аёвсиз кесилмоқда. Бизнинг минтақамизда сув ресурслари жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омилидир. Демак, истиқболдаги ривожланиш кўп жиҳатдан мавжуд ресурслари, уларнинг миқдори ва ҳолати, сувга бўлган талаб ва сувдан фойдаланиш даражасига, умуман олганда сувга бўлган муносабатимизга бевосита боғлиқдир. Чунончи, мустабид шўро даврида сув ресурслари бошқарувига ёндашувда йўл қўйилган хатоларни тузатиш ва шу билан бирга сувга бўлган талабни имкон қадар тўлароқ қондириш мақсадида Ўзбекистон  томонидан ушбу масалаларга жиддий эътибор берилаётгани бежиз эмас, албатта.

Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиши асрлар давомида минтақадаги барча мамлакатлар ва халқларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари ҳамда барқарор ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб келган. Бугунги кунда Марказий Осиёдаги дарёларнинг юқори қисмида собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқилган гидротехник қуриш лойиҳаларини тиклашга уринишлар кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Сабаби 60 миллиондан зиёд аҳолининг аксарияти мазкур (Амударё ва Сирдарё) дарёларнинг қуйи қисмида яшайди.

Амударё ва Сирдарё сувидан хўжасизларча фойдаланиш оқибатида вужудга келган, Орол денгизи фожеаси  бутун Марказий Осиёнинг экологик кулфатига айланганини унутмаслик керак.

Аҳоли томонидан тоза ичимлик сувдан фойдаланиш борасида республикамизда кенг қамровли чора -  тадбирлар ишлаб чиқилди ва улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида  Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуриши муаммоси, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 
Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини қайд этди ҳамда халқаро ҳамжамиятни Орол денгизи буткул қуришининг олдини олишга чақирди. 
Юртбошимиз юқори минбардан туриб «Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда», дедилар. 
Халқаро миқёсида ва мамлакатимиздаги дарёларни ва шу жумладан Зарафшон дарёси сувини экологик соғломлаштириш юзасидан бир қатор аниқ тадбирлар ишлаб чиқилган. Улар жумласига дарё қирғоғида сув муҳофазаси зонасини ташкил этиш ва жадаллик билан уни амалга ошириш. Дарёга ташланаётган барча оқова сувларини назоратга олиш ва уларни кескин қисқартириш, канализация тизимларини мукаммаллаштириш ва шунингдек бактериологик ифлосланишнинг олдини олиш ва уларни кескин қисқартириш ва бошқалардир.

Ҳисоб – китобларга кўра 2020 йилга бориб Республикамиз аҳолиси 33 млн. кишига етиши, мавжуд сув захираларининиг ҳажми эса 15-20 % камайиши кутилмоқда.

Келажакда аҳоли сонининг янада ошиши билан ер усти ва ер ости сувларидан ичимлик суви сифатида фойдаланиш  янада кучаяди. Шу сабабли ҳам яқин йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолади. Шаҳарлардан, далалардан  чиқарилаётган ифлосланган сувларни тозалаш бўйича энг илғор ва самарали технологиялардан фойдаланишни йўлга қўйиш,  сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича олдимизда турган долзарб вазифаларни амалга оширишда бепарво бўлмайлик.  Зеро, сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва ўсиб келаётган авлодга етказиб бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 Ф.Ганиева,

Халқаро экологик жамоат ташкилотлари

ва ҳаракатлари билан алоқаларни

мустаҳкамлаш гурухи рахбари в.б.

logo_uz