foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Бугунги кунда ҳар бир оила олдида болалар  онгида ёшлигиданоқ экологик онг ва экомаданиятни шакллантириш, уларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатиш сингари масъулиятли вазифа турибди десак адашмаган бўламиз. Зеро, ёш авлоднинг шуурида ноёб табиатни асл ҳолича келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш ҳиссини вужудга келтириш орқали атроф муҳитга етказилиши мумкин бўлган салбий таъсирнинг олдини олишга ҳисса қўша оламиз.

Бунинг учун барчамиз, ёш авлоднинг онгида Она-ер, Она-табиат, она-Ватанга, унинг бойликларига бўлган юксак эътибор, меҳр-муҳаббат, чуқур эҳтиромни юксалтиришимиз лозим.

Бугун ўтмишда табиатга етказилган зарарнинг чуқур асоратларини тугатиш ҳақида, экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда экологик маданият деган тушунчанинг мағзини ҳамма ҳам бирдек англаб етди, деб бўладими? Афсуски, йўқ. Баъзан кўча-кўйда тўпланиб қолган чиқинди уюмларини, тамаки тутатиб, қолдиғини оёғи остида эзиб, бемалол кетаётган кишиларни, ариқ сувига мағзава ағдараётган опа-сингилларимизни, дарахт шохларини бемалол синдираётган болаларни, хазон ёқаётганларни кўриб, кўнглингиз ғашланади. Бу ҳаракатларининг нотўғри эканлигини тушунтирмоқчи бўлаётганлар бармоқ билан санарли. Бу каби салбий оқибатларни  унга ҳеч дахли йўқдек эътиборсиз ўтиб кетаверадиганлар қанча?  Афсуски, буларнинг барчаси, оқибатда, ўзимиз, яқинларимиз  соғлиғига шикаст етказишини, турли касалликларни келтириб чиқаришини, умримизни қисқартираётганини баъзида унутиб қўямиз. Бундай нохуш ҳолатларнинг асосий сабаби, фикримизча, айрим юртдошларимизнинг табиат қонунларини чуқур билмаслиги, уларда экологик билим ва тарбиянинг етишмаслигидир.

Бизнингча, бу борада оиланинг, яъни ота-оналарнинг болалар тарбиясидаги масъулиятини ошириш ниҳоятда зарур. Бунинг учун эса, аввало, катталарнинг ўзида экологик маданият шаклланган бўлиши даркор. Бундай сифатларнинг шаклланишида эса, жамиятдаги қонунлар устуворлиги муҳим ўрин тутади. Фақат самарали ҳуқуқий тарбия, айниқса оилада яратиладиган кўникмалар замондошларимизни табиат олдидаги мажбуриятларини чуқурроқ ҳис қилишларига ундай олади.  Бугунги кунда Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган ва юртбошимиз томонидан имзоланаётган қонунлар моҳиятининг замирида инсонлар манфаати, экологик барқарорлик, атроф-муҳит мусаффолиги, оилаларимизнинг мустаҳкамлиги, болаларимизнинг соғлом, баркамол бўлиб вояга етиши ва юртимиз тараққиёти  ётади.

Оиладаги болалар тарбияси жамиятимизнинг энг устувор вазифаларидан ҳисобланиб, уни бажаришда ота-она оиланинг ҳуқуқий нормаларини тарғибот қилишда ва унга риоя этишда масъулдирлар. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби 63-66-моддаларида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга... Ота-оналар ўз фарзандларининг вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар... Фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади... Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, - деб ҳар бир оила аъзоси олдига бурч ва мажбуриятларни юклаб қўйган.

Оилаларда турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган бундай ҳуқуқий асослар, бизнингча аждодларимиз томонидан жорий этилган миллий қадриятларимизнинг яққол намунасидир. Оила, фарзанд ва жамиятнинг келажаги учун қайғурган ва унга етарлича асосли бўлган умуминсоний қадриятларни таъминлаб келган халқимизнинг онги ва тафаккурини алоҳида эътироф этиш керак.

Ҳар бир оила олдидаги асосий вазифа ва бурч – бу ўз фарзандларини тарбиялаб, уларга миллий қадриятларни сингдириб, маданиятли, зиёли, андишали, ўз вазифасига масъулият билан ёндашувчи, табиатга меҳр-муҳаббат бергувчи инсон қилиб тарбиялашдир.

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган  ислоҳотларда оилалар мустаҳкамлиги, фарзандлар баркамоллиги, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом авлодни вояга етказиш, уларнинг бахту-саодати ва фаровон келажагини кўриш орзуси мужассамлини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

     Мухтасар ҚОДИРОВА,

Ўзбекистон экологик ҳаракати

Матбуот гуруҳи координатори

 

 

logo_uz