Инсон умри дарахтга қиёсланади. Ота-боболаримиз фарзанд дунёга келса, оиланинг ёши улуғ инсонлари билан шу янги авлодга атаб мевали дарахт экишган. Болани парпаришлаш баробарида бу навниҳол ҳам эътиборда бўлган. “Болам бир кун келиб элига фойда келтирсин”, деб дуо қилган ота, боласини рамзий келажагини дарахтга ўхшатиб, ҳудди дарахтнинг меваси, сояси ва фойдаси унинг гўзаллигига қиёслаган.

Она заминимиз жуда сахий, умид билан суқилган нихол, бир кун келиб мева беради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, атроф муҳитни покиза сақлаш, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш халқимизга хос одатдир. Баҳор  одамзоднинг бутун борлиғи, эзгу ниятлари, эртанги ўйлари билан тароватли бўлади.   Боғи бор, гулзори бор масканларда ҳамиша файзу тароват фаровонлик бўлади. Бунга эришиш қийин эмас. Тупроққа меҳр берсак, ҳамжиҳатликка риоя қилсак  кифоя. Кўчат экиш, боғ яратиш учун ҳам юртпарварлик, ҳаётсеварлик, табиатга ошнолик керак. Инсоний мақсадларнинг энг олижаноби она заминнинг яшилликка буркаш, боғу-роғ, гулзорлар барпо этишдир. Муқаддас китобларда қайси бир инсон бирор экин экса ёки ёки мевали дарахтўтқазса-ю, улардан қушлар, одамлар ёки ҳайвонлар баҳраманд бўлса, бу унинг учун садақа хукмида булади. Ривоят қилишларича, подшоҳ сарой хизматчиларидан биринчи вилоятга волий, яъни, ҳоким этиб сайлабди. Ҳоким подшоҳга вилоят аҳлининг феъл-атвори, ҳудуднинг иқлими, табиатидан хабардор эмаслиги, шу боис ишни яхши уддалай олмаслигидан чўчиб арз қилади. Шунда оқил подшоҳ дейди: Дастлаб ўша юртнинг оқаётган ариғига боқ. Ариқ тозаланган, суви тоза, қирғоқлари обод бўлса, билгилки, у халқнинг қалби пок, ҳаётида файз барака бор. Иккинчи қабристонларни бир бир айланиб текшириб чиқ. Қабрлар бегона ўт-ўланлардан холи, райҳонлар билан муаттар, унга борар йўлаклар озода бўлса, демак, ўтганларни эслаб юрган халқ тирикларни қадрига етувчи бўлади. Учинчи йўлларга қарагин сарамжон сариштами? Йўл бўйларига соя салқин дарахтлар экилганми? Йўлга эътиборли халқнинг охират йўли обод, дунёвий ишлари сермаҳсул бўлади, деган экан. Дарҳақиқат, ободончилик, кўкаламзорлаштириш борасидаги асрлардан-асрларга ўтиб келаётган анъаналаримиз, урф-одатларимиз борки, бу эзгу ишларни халқнинг қалби уйғоқ, ерни, табиатни эъзозлайдиган, бир сўз билан айтганда яратиш ишқи билан ёнаётган, шуури ғайрат шижоатга тўла инсонлар адо этадилар. Кейинги йилларда Фарғона вилоятида олиб борилаётган ободончилик-кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй ҳаракатлар замирида, авваломбор атроф-муҳит мусаффолиги таъминлаш билан аҳоли саломатлигини асраш, ноёб дарахтлар галареясини яратиш, четдан келтирилаётган дарахт кўчатларини маҳаллийлаштириш каби бир қатор вазифалар мужассам этган. Аҳамиятлиси шундаки, ноёб манзарали дарахтлар, бутасимон ўсимликларнинг гули асал берувчи энг яхши нектар экан. Фарғонада каштан, дрок, лола павлония каби дарахтлар кўпайтирилса асаларилар учун жуда катта озуқа манбаи бўларкан. Шу кунларда вилоятимиз марказига келиб кўчаларни кезган ҳар қандай киши муҳташам биноларга, янги қурилиш иншоотларига ҳамоҳанг равишда улкан кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлади. Бинолар пойида янгитдан барпо этилган гулзорлар, ноёб манзарали дарахтлар ансамблидан иборат кичик боғ мажмуалари ҳам жуда катта маблағлар эвазига яратилди. Кўкаламзорлаштириш юмушлари эса осонликча адо этилаётгани йўқ. Улар ортида кўплаб кишиларнинг машаққатли меҳнатлари  бор. Демак, барча ҳудудларда экологик мусаффоликни сақлаш, ўсимликлар дунёсига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, энг муҳими ободонлаштириш тадбирларида намуна кўрсатиш қалб амримиз бўлиши керак. Кўчат экиб, боғ яратиш, гулу гулзорлар барпо этиш халқимизнинг ўзига хос фазилати саналади.   Аждодларимиз ерга бир туп ниҳол қадаб, унга меҳр эътибор беришни бола тарбиясига қиёслашган. Боғдорчилик, кўкаламзорлаштириш анъанаси ҳам ана шундай теран масъулият асосида шаклланган.  Бугунги кунда боғдорчилик илмининг миллий ва замонавий услубини уйғунлаштириб дунёга довруғ солаётган фарғоналик миришкор боғбонлар билан фахрлансак арзийди. Вилоятимизнинг марказий кўчаларида юрган киши диққат билан кузатса, баҳорнинг илк кунларидан бошлаб кеч кузгача очиладиган дарахтларга кўзи тушади. Албатта, ҳар бир дарахтнинг ўзига яраша хусуссиятлари, тиббиётда, парфюмерия саноатида, қурилиш соҳасида фойдаланиш мумкин бўлган жиҳатлари бор.  –                   Арғувон дарахти хақида эшитган бўлсангиз керек, – дейди Фарғона Давлат университети доценти, биология фанлари номзоди Валижон Маҳмудов. Бу дарахт манзарали дарахтлар ичида энг чиройлиси бўлиб, барг чиқармасдан аввал қип қизил бўлиб гуллайди. Дарахтнинг икки тупи хозирги кунда Фарғона шаҳридаги Ал-Фарғоний хиёбонининг кириш қисмида гуркираб турибди. Япон сафорасини олайлик. Баъзи дарахтлар турли сабабларга кўра қуриб қолади. Бу дарахт эса касалликларга чидамли, умри узун  уни шарсимон, овалсимон ёки пирамида шаклига солиб, бутаб, хар хил манзаралар ясаш мумкун. Тиббиётда сафора баргларидан рутин олинади. Чуқур илдиз отадиган павлония эса  ердаги нитрит, оғир метал ва бошқа элементларни ютиб, ернинг таркибини яхшилашга хизмат қилади. Павлония дарахтининг йирик барглари жониворларни озуқа билан таъминлашда қўл келади. Унинг таркибидаги азот, темир, рух, марганец сингари 8 аминокислота ва микроэлемент уй ҳайвонларини тез ўсишини таъминлайди. Дарахтнинг барглари ва гулларини бранхит, йўтал каби касалликларда қўллаш мумкин. Меваси қон босимини пасайтиришда ёрдамлашади. Павлонияни асаларичилик тармоғини ривожлантиришда хам қўллаш мумкин. Унинг бир неча ойлик гуллаш мавсумида битта асалари оиласи 10-15 килограмгача нектар йиға олади. Бу асал хуштаъмлиги баробарида ўпка ва нафас олиш тизимлари касалликларини даволашда, ўт қопи, жигар ва овқат хазм қилиш аъзолари ишлашини яхшилашда катта аҳамиятга эга. Фарғона Давлат университети ички майдонида бир неча йиллик лола дарахти бор. Унинг ҳам фойдали хусусиятлари кўп. Вергин арчаси ҳам  шакл олади, смола беради, чиройли манзара яратади. Ана шу манзарали дарахт кўчатларини кўпайтириб, Фарғона шаҳар ҳудудларига ўтқазишни маслаҳат берардим. Бутасимон ўсимликлардан настарин, япон беҳиси  шаҳар чиройига чирой қўшади. Наъматак, дўлана шамол эррозиясининг олдини олишда, экинзорлар атрофига тўсиқ сифатида экилса аъло, мевасидан халқ табобатида жуда кўп касалликларнинг олдини олишда фойдаланиш мумкун.      Ўтган йилнинг кузида Фарғона Ўрмон хўжалиги ерларига 60 килограм наъматак, уруғи экилиб, кўчатхона ташкил қилинди. Эндиликда наъматак кўчатларини нафақат вилоятимиз, балки бошқа вилоятларга ҳам етказиб бериш имконияти яратилди. Хўжалик раҳбари Иқболжон Нормативнинг маълумотларига кўра, бу йил 300950 туп манзарали ва мевали кўчатлар сотишга тайёрланиб қўйилди. Ўтган йилгига қараганда  арча, элдор соснаси, можевельник, кипарис, ипак акацияси, кўк терек калифорния терег, тут кўчати қаламчалари бу йил икки баравар кўп етиштирилди. Бироқ бу йил юқорида биолог олим таърифини кетирган лола, каштан дарахти кўчатлари етиштирилмади. Лекин ҳозирги кунда хўжалик далаларида бу ноёб манзарали дарахтларнинг уруғи ерга қадалган. Бу йил Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчилари ҳам кўкаламзорлаштириш жараёнларини барвақт бошладилар. Шу кунларда шаҳар ҳудудидаги чинор, дуб, каштан, япон сафораси каби манзарали дарахтларга шакл бериш ишларига киришилди. Яқинда Фарғона тумани Водил қишлоғида бошқарма тасарруфида 80 сотихлик иссиқхона ташкил этилиб, у ерда 6 хил турдаги мавсумий гуллар парваришланябди. Баҳор кириши билан шаҳар ҳудудидаги гулзорларга 500 минг донадан зиёд гуллар экилади. Фарғона замини тупроғи унумдор, иқлими соз, табиати мўътадил. Юзлаб четдан келтирилган ноёб манзарали дарахтлар иккинчи ватанини топиб, илдизлари ер бағрида ястаниб, шохлари гуркираб, япроқ ёзиб фусункор табиат манзарасини кашф этиб турибди. Демак, фурсат кутиб, турмайди. Кўчат экиш, боғ ва гулзорлар яратишдек эзгу вазифани ҳамма бирдек адо этиши керак. Шу мақсадда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 декабрдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган №140 Ф сонли фармойиши ижросидан чора тадбирлар белгиланди.  Вилоятимизда  корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан мевали ва манзарали кўчат экиш ишларини олиб бориш юзасидан режа-тақсимот белгиланди. Фарғона ўрмон хўжалиги барча ҳудудларга 21 турдаги япон  сафораси, каштан, лола, крим қарағайи, терак, тол, жийда, наъматак каби 21 турдаги манзарали дарахт кўчатларини етказиб бермоқда. Шу кунларда вилоятимиздаги таълим-тарбия муассасаларида 10 мингдан зиёд манзарали кўчатлар ўтқазилиб парваришлашга киришилди. ир сўз билан айтганда вилоятимизда кўчат экиш мавсуми авж паллага кирди. Бу борада нафақат корхона, ташкилот, муассаса, балки турли меҳнат жамоалари аъзолари, маҳалла жонкуярлари, ҳатто ҳар бир хонадон аъзолари масъулиятни чуқур ҳис этишлари керак. Зеро, ҳар биримиз яшаб турган жойимизни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш билан ўз саломатлигимизни, она табиатни муҳофаза қилган бўламиз.       

Гулноза Тўхтасинова  

Экоҳаракат Фарғона вилоят

ҳудудий  бўлинмаси координатори