foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

 

Ўзбекистонда фауна хилма-хиллиги ҳолати ва қисқариши сабаблари 

Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафтлар хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми. Бу бойлик бир неча минг йиллик эволюция давомида юзага келган ҳамда аждодларимиз томонидан бизга қолдирилган улкан меросдир. Зиммамизда бу меросни авлодларга хилма-хил ва барқарор тизим кўринишида қолдиришдек улкан ва масъулиятли вазифа турибди.

Сўнгги бир неча ўн йиллар давомида  Ўзбекистон табиатининг хилма-хиллигига анчагина путур етказилди. Авваламбор, бу собиқ СССР да марказлашган режалаштириш асосида йирик қишлоқ хўжалиги ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш билан боҚлиқ эди, бунда уларнинг атроф ва ижтимоий муҳитга бўладиган таъсири эътибордан четда қоларди. Бундай режалаштиришда  Ўзбекистонга арзон қишлоқ хўжалик ва геологик хом ашё етказиб берувчи ички экспортер сифатида қаралган. Буларнинг ҳаммаси  Ўзбекистонда экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келувчи салбий жараёнларнинг ривожланишига сабаб бўлди.

 

Қишлоқ хўжалигида пахта яккаҳокимлиги устуворлиги, ирригация мақсадида ташқи салбий таъсирларга монанд чўл ҳудудларининг кенг миқёсда ўзлаштирилиши Орол денгизи экологик фалокатига, Жанубий, Марказий ва Шимоли-Қарбий минтақалардаги ерларнинг иккиламчи шўрланишига, тарихан шаклланган сув экотизимларининг ўзгаришига, сунъий ташлама сув ҳавзалари тармоқларининг ҳосил бўлишига, атроф муҳитнинг ўта хавфли дефолиантлар ва пестицидлар билан заҳарланишига олиб келди. Бу омиллар чўллардаги ноёб, баъзи хуусиятлари бўйича бетакрор чўл биологик мажмуаларининг (Фарғона чўли, текислик дарёлари ўзанларидаги тўқайзорлар, Амударё дельтаси ва ҳоказо) йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлди. Бундай жараёнларнинг республикадаги санитария-эпидемиология ва паразитология ҳолатлари кескинлашувига, шунингдек минтақадаги умумиқлимий ўзгаришларга таъсир этаётганлиги ҳаммага аён.

Собиқ Иттифоқда замонавий ускуна, техника ва технологиялари таъминотисиз газ қазиб олиниши ва унинг экспортини жадаллаштириш ғоят нозик экологик тизимларнинг биологик таназзулга юз тутишига олиб келди. Чирчиқ-Оҳангарон саноат мажмуаси кимё ва тоғ-кон саноати корхоналарининг чиқиндилари атмосфера ҳавоси ва тупроқларни кенг кўламда ифлослантириб, тазйиққа таъсирчан тоғ экологик тизимларини ва аҳоли саломатлигини жиддий хатар остига қўйди. 

Ўзбекистоннинг  Ўрта Осиё минтақасидаги бир қанча биогеографик ўлкалар туташган ҳудудида жойлашганлиги унинг ҳайвонот оламининг ниҳоятда ранг-баранглигини белгилайди. Чўл ва саҳролардан иборат кенг текисликлар, тоғ даштлар, ўрмонлар, яйловлар, тўқайзорлар, сув ҳавзалари, маданий ландшафтлар буларнинг барчаси ўзига хос фаунистик мажмуаларга эга экотизимларни ташкил этади.

Республика фаунаси жуда қадимий бўлиб, у мураккаб генетик ришталар билан боҚланган. Бу ўлкада Турон ва Туркистон эндемик ва автохтон турларининг аҳамияти катта. Шу билан биргаликда тарихий ўтмишда бу ерга бошқа ўлкаларидан Марказий Осиёдан, Ҳинди-Хитойдан,  Ўрта Ер денгизи атрофларидан, Евроосиё чўлларидан кириб келган ҳайвон гуруҳларининг ҳам муайян ўрни мавжуд. Фаунанинг бир қисми эса Узоқ Шарқ, Кавказорти, Европа, ва Америкадан олиб келиб иқлимлаштирилган ёки тасодифан келиб қолган турлардан иборат. Умуман олганда замонавий  Ўзбекистон фаунасида умуртқали ҳайвонларнинг 688 тури (сутэмизувчилар 105, қушлар 441, судралиб юрувчилар 60, амфибиялар 3 ва балиқлар 76) мавжуд, умуртқасиз ҳайвонлар турлари эса 15 мингдан ортиқ.

Сўнгги ўн йилликлар давомида, табиатдан фойдаланишнинг кучайиши оқибатида,  Ўзбекистондаги кўплаб ҳайвон турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди. Айниқса ов объектлари сифатида катта амалий аҳамиятга эга бўлган сутэмизувчилар ва қушларнинг йирик турлари, шунингдек инсон томонидан аёвсиз ўзлаштирилаётган, ташқи таъсирга унчалик чидамли бўлмаган экотизимларнинг тарқалиши чекланган ва эндемик турлари катта хавф остида қолди. Жумладан, турон йўлбарси, гепард, туркман қулони, Орол сулаймон балиҚи каби ҳайвонлар умуман йўқ бўлиб кетди. Қоплон, сиртлон, тўхта тувалоқ, Сирдарё ва Амударёнинг кичик ва катта куракбурунлари, Орол баҳриси кабилари йўқ бўлиб кетиш арафасида турибдилар. Устюрт ва Бухоро қўйлари, морхўр, қорақулоқ,  Ўрта Осиё қундузи, оқбош ўрдак, вишилдоқ оққуш, мармар чуррак, йўрға тувалоқ, оқбовур, хентоғ тўгаракбоши, Фарғона тарғил калтакесакчаси, Орол мўйлабдори, чўртансифат оққайроқ, айрим моллюска ва ҳашаротлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганлар. Кўплаб ҳайвон турларининг сони ҳозирда танглик поёнида бўлмаса-да, лекин узлуксиз камайиб бормоқда. Буларнинг барчасига сабаб ҳудудларнинг хўжалик мақсадларида ўзлаштирилиши, атроф муҳитнинг ифлосланиши, биологик ресурслардан меъёрсиз фойдаланишдир.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги асосини суғориладиган деҳқончилик ташкил этади. Охирги ўн йилликлар мобайнида суғориладиган майдонларни кенгайтириш мақсадида Мирзачўл, Жиззах, Қарши ва Сурхон-Шеробод чўллари, Фарғона водийсининг марказий қисми, Тёншон ва Помир-Олой тизмаларининг ғарбий этакларидаги адирлар ўзлаштирилди. Суғориш туфайли ўзлаштирилган ҳудудларда экологик вазият тубдан ўзгарди. Бундай шароитга мослаша олмаган кўплаб чўл ҳайвонларининг сони кескин камайиб кетди. Жайрон, йўрға тувалоқ ва бошқа ҳайвон турлари ареалларининг қисқариши бунинг ёрқин далилидир. Текисликлардаги йирик дарёлар ўзанларидаги ўзгаришларни ҳам шулар жумласига киритиш мумкин. Тўқайзорларнинг аксарият қисми кесиб ташланиши натижасида, ҳамда сув режимининг ўзгариши туфайли таназзулга юз тутди. Бу эса, ўз навбатида, тўқайзорларда яшовчи Бухоро буғуси, тустовуқ ва бошқа эндемик кенжа турлар яшаш жойларининг кескин қисқариб кетишига олиб келди.

Йирик гидроиншоотларнинг қурилиши, Орол денгизи сув сатҳининг пасайиб кетиши ва сувининг ўта шўрланиши сабабли унинг туб фаунаси бутунлай қирилиб кетди, қисқичбақасимонлар ва моллюскаларнинг кўплаб эндемик турлари йўқ бўлиб кетиш ҳолатига келиб қолди. Дарёлар оқимининг сунъий тартибланиши, йирик сув омборлари ва ирригация тизимларининг қурилиши, дарёларнинг юқори қисмларида сувни тоғ-кон саноати эҳтиёжлари учун олиниши, сув ҳавзаларининг ифлосланиши, четдан келтирилган балиқ турларининг салбий таъсири фауналарнинг яшашига таҳдид солмоқда. Жанубий Орол бўйида экологик шароитнинг ўзгариши оқибатида Амударё дельтасида қачонлардир вишилдоқ оққуш, пушти ва жингалак сақоқуш, қорабузов ва бошқа камёб қушлар макони, ҳамда орнитологик нуқтаиназаридан муҳим аҳамиятга эга бўлган ботқоқликлар бугунда ўз моҳиятини йўқотди.

Тоғ-кон саноатининг жадал суръатлар билан ривожланиши, дарахт ва буталарнинг кесилиши ва чорвачиликда яйловлардан ҳаддан ташқари кенг фойдаланиш натижасидаги ерларнинг нураши, рекреация фаолиятининг уйғунланиши буларнинг барчаси тоғ экотизимларининг ўзгариши ва кўплаб умуртқасиз ҳайвонларнинг локал яшаш жойлари йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Шуниси равшанки, ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш жойлари муҳофазаси бўйича махсус қонунчилик асосида амалий чоратадбирлар кўрилмаса, уларнинг табиатда йўқ бўлиб кетиши хавфини бартараф қилиб бўлмайди. Ҳайвонларнинг ҳар бир тури табиатнинг тарихан такрорланмас, генетик жиҳатдан ягона, ҳар қандай биологик ҳамжамоада фақат ўзига хос ўрнига ва унинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган инъомдир. 

Ўзбекистонда сўнгги йилларда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш борасида бир қанча жиддий тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларни янада жадаллаштириш камёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонлар муҳофазасини кучайтиришга, ҳамда сонини тиклашга хизмат қилиши керак. Республикада ташкил қилинган олтита тоғ (Ҳисор, Зомин, Китоб, Нурота, Сурхон, Чотқол), учта чўл-тўқай (Қизилқум, Бадай-Тўқай, Зарафшон) қўриқхоналари, иккита миллий боғ (Зомин, Угом-Чотқол), тўққизта буюртмахона (Арнасой, Денгизкўл, Қорақир, Қарнабчўл, Қўшрабод, Муборак, Нуробад, Октау, Сайғоқли, Судочье) ва иккита табиий ёдгорликдан (Вардонзе, Ёзёвон) иборат экологик тармоқ ҳайвонот оламининг мажмуий муҳофазасига ва унинг ресурсларидан барқарор фойдаланишга хизмат қилмоқда. Нафақат республикамизда, балки бутун минтақада ягона, камёб ҳайвонларни кўпайтириш, уларни сақлаш ва реинтродукция қилиш билан шуғулланувчи "Жайрон" экомаркази ҳам муҳофаза қилинадиган ҳудуд мақомига эга.

Республика қўриқхоналарида Қизил китобга киритилган Бухоро буғуси, морхўр, Қизилқум архари, кўк суғур, Туркистон силовсини каби ҳайвонлар, йирик йиртқич қушлар ва ҳашаротлар муҳофаза остига олинган. Камёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонларни яримтутқинлик шароитида кўпайтириш, уларни сақлаб қолиш ва сонини тиклаш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Бу соҳадаги муҳим амалий одимлардан бири "Камёб ҳайвонлар турларини кўпайтириш республика "Жайрон" экомаркази" (Бухоро вилояти) олиб бораётган изланишлардир. Бу ерда республика Қизил китобига ва халқаро Қизил рўйхатларига киритилган жайрон, Бухоро қўйи, морхўр, қулон, Пржевальский оти каби турларни кўпайтириш ва қўриқлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган йўрға тувалоқни сунъий шароитларда кўпайтиришва кейинчалик ёввойи табиатга чиқаришишлари Навоий ва Бухоро вилоятларидаги бир катор ҳайвонлар кўпайтириладиган жойларда амалга оширилмоқда.

logo_uz