foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси илк бор Нукус шаҳридан деярли 300 километр олисда – Оролнинг қуриган ҳудудида ўтказилди.

“Орол ва Мўйноқ тақдири: денгиз чекиняпти, лекин инсон чекинмайди” мавзусида ўтган сессия сунъий йўлдош орқали жонли эфирга узатилди. Ушбу тадбир ўтказилган жойда бундан 50-60 йил олдин 56 метрлик сув бўлган. Айни пайтда мазкур ҳудудга саксовул экилиб, ўзига хос ўрмонга айлантириш чоралари кўрилмоқда.

Сессияга Ўзбекистон Парламенти депутатлари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, олимлар, тадбиркорлар, Мўйноқ халқи ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан фикр алмашилди. Юртбошимизнинг нафақат Олий Мажлисга, балки бутун халқимизга йўллаган Мурожаатномасида Орол ва Мўйноқ мавзусига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

– Орол денгизи 45-50 йил давомида бир авлоднинг кўз ўнгида йўқолиб кетди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов. – Ҳозирда денгизнинг қуриган майдонида жуда катта саҳро пайдо бўлиб, ундан йилига 100 миллион тонна тузли чанг кўтарилади. Бу зарралар олис-олислар – музликлар, Европа давлатлари, Норвегия ўрмонларигача етиб бормоқда. Жаҳон муаммосига айланган Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш юзасидан Муҳтарам Юртбошимиз амалий ташаббуслар билан чиқди ва бугунги кунда унинг илк натижалари кўринмоқда. Президентимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида бу муаммога жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортган эди. Яқинда БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ташкил қилиниб, унга дастлабки кунларданоқ Япония, Норвегия, Қатар ва Саудия Арабистони давлатлари маълум миқдордаги маблағни йўналтирди.

 

Президентимиз ўтган йилнинг ноябрь ойида Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Мўйноқ туманига ҳам ташриф буюрди ва аҳоли билан суҳбатлашди. Уларнинг истак ва таклифларини тинглади ва ташриф якуни билан Қорақалпоғистон бўйича Дастур қабул қилинди. Ушбу дастурга 973 лойиҳа киритилган. мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб 12 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар асосида 12-13 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

Президентимизнинг 2017 йил 28 февралда “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат билан қабул қилинган икки йилга мўлжалланган дастур бўйича Мўйноқда замонавий меҳмонхоналар, ижтимоий объектлар, кичик саноат зоналари барпо қилинди. Аҳолининг асрлик орзуйи бўлган 101 километрлик тоза ичимлик сув қувурлари тортилди.

Сессияда таъкидланишича, Мўйноқда Судочье, Мўйноқ қўлтиғи, Междуречье, Жалтирбас каби 10-17 минг гектарни ташкил қиладиган кўлларни сақлаб қолиш ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича дастур қилинмоқда. Ушбу кўллардан тутилган балиқлар Мўйноқ консерва заводига етказиб берилади ҳамда кўллардаги қамишлар туманда қурилаётган ДСП заводи хомашёси бўлиб хизмат қилади.

Давлат раҳбарининг Орол муаммосини ечишга янгича ёндашуви бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Б.Алихановнинг таъкидлашича, ярим асрдан буён Орол муаммосини ҳал қилиш бўйича “пичоққа илинадиган” ҳеч нарса ишланмаган. Минбарларда, йиғилишларда “Орол, Орол” деб қуруқ бонг ура берганмиз, лекин эътиборли самарага эришмаганмиз.

Бугун бу ерда олиб борилаётган ишлар кишини лол қолдиради. Оролбўйи ҳудудини экологик инновация ва технологиялар зонаси деб бежизга аташмади. Оролнинг қуриган майдонида саксовул экиш ишларига бошчилик қилиш Фавқулодда вазиятлар вазирлигига топширилди. Ҳимоя ўрмонзорларни барпо қилиш мақсадидаги ишлар 2018 йил 17 декабрдан бошланди. Ушбу тадбирга Қорақалпоғистон Республикасидан 217, республикамизнинг 11 вилоятидан 290, жами 507 муҳандислик ва қишлоқ қурилиш техникалари Оролнинг қуриган майдонига сафарбар қилинди. Мўйноқда 45 километр узоқликда, Оролнинг қуриган тубида штаб ташкил қилинди. Шу кунга қадар 77 минг 997 гектар майдонда қум сақловчи ариқлар тортилди. 27 минг 215 гектар майдонга саксовул уруғлари сепилди ва кўчатлари ўтқазилди. Бундан ташқари, самолётлар ёрдамида 18 парвоз амалга оширилиб, жами 4 минг 400 гектар майдонга саксовул уруғлари сепилди. Ушбу ишга тегишли олимлар ҳам жалб қилиниб, тупроқ таҳлиллари олинмоқда.

Шу ўринда Мўйноқ далаларида ўсиб турган саксовул уруғларини йиғиб, штабга етказиб бераётган одамларнинг кўмагини алоҳида таъкидлаш ўринли. Маълумот ўрнида саксовул уруғининг 1 килограмми 15 минг сўмдан сотиб олинаётганини айтиб ўтиш жоиз. Бир киши кунига 10 килограммгача уруғ йиғиши имконияти бор. Бу бир кунда 150 минг сўм дегани. Мўйноқликларнинг таъкидлашича, баъзи оилалар бир кунда 800 минг сўм пул олмоқда. Маълумотларга қараганда, мўйноқлик 600 киши шу иш билан банд.

Оролнинг қуриган тубида ўтказилаётган тадбирларга 1 минг 300 дан ортиқ киши жалб қилинган, улардан 900 таси уруғ теришга ва қолганлари экишда иштирок этмоқда.

Ўтган йили Қорақалпоғистонга ёпирилган туз бўрони кўпчиликни ташвишга солиб қўйди. Жойларга чиқиб, ушбу туз аралаш чанг тўзоннинг қишлоқ хўжалигига зарари мутахассислар ва олимлар томонидан ўрганилиб чиқилди ва тузли қумлар қишлоқ хўжалиги экинлари баргларига ўрнашиб, устки қисмини қоплаб олган ҳамда баргларини куйдириб, қовжиратиб қўйганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг ҳудудда бронхиал астма ва аллергик ренит касалликлари авж олди. Мана шундай муаммоларнинг олдини олишда саксовулзорлар барпо қилиш зарур.

Оролнинг қуриган тубини ўрмонзорга айлантириш ана шундай экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларга ечим бўла олади. Ушбу муаммога тегишли чора кўрилмаганда 20-30 йилдан сўнг аҳвол бундан ҳам ёмон тус олган бўлар эди.

Саксовул ўзидан кислород чиқаради ва ҳавонинг ифлосланишининг олдини олади, бу – ҳозирги олиб борилаётган тадбирнинг экологик мазмуни. Ўрмонзорлар пайдо бўлгандан кейин ҳудудда яйловлар пайдо бўлади, чорвачилик ривожланади. Бу эса иқтисодий масалаларга ечим бўлади ва унинг натижасида аҳолининг ижтимоий аҳволи яхшиланади.

Қатор араб давлатларида саҳродан туризмни ривожлантиришда самарали фойдаланилади. Туяларда сайр қилиш, саҳроларда раллилар ташкил қилиш, ов туризми аа бошқа имкониятларимизни ишга солиш вақти келди. Бу ҳам ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим бўлади.

Халқаро пресс-клубнинг ушбу сессияси мобайнида хайрли ишга қўл урилгани, яъни, жонли эфир орқали Мўйноқда олиб борилаётган кенг кўламли ишларга ўз ҳиссамни қўшаман, яъни хайр-саховат қилишни хоҳловчилар учун махсус ҳисоб рақами очилгани эълон қилинди. Ушбу ҳисоб рақамига қисқа вақт ичида юртдошларимиздан 6 миллиард сўмдан ортиқ пул келиб тушгани таъкидланди. Мазкур ҳисоб рақамига келиб тушган пуллар эса оғир шароитда меҳнат қилаётган юртдошларимизга ҳар томонлама шароит яратиш учун, ўрмонзор барпо қилишдаги бошқа мақсадларга йўналтирилади.

Тадбирда юртимизнинг барча жойларидан, ҳаттоки бошқа давлатлардан ҳам юртдошларимиз бошланган хайрли ишга дахлдор эканликларини маълум қилди.

Манбаъ: http://uza.uz/

logo_uz