foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Негадир трансчегаравий кичик дарёлар тақдири ҳақида ҳар доим ҳам гапирилмайди. Ваҳоланки, ушбу дарёлар минтақадаги халқларнинг умумий бойлиги саналади...

Кеча Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ҳамда USAID ҳамкорликда "Smart Waters" (“Сув. Таълим. Ҳамкорлик”) мавзусидаги халқаро форум ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Форумнинг биринчи куни минтақада кичик трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар хусусида сўз юритилди. Аспара, Исфара, Аксуу, Куркуреусу, Куркуроо, Мурғоб дарёлари, Ёмонжар канали борасида кўргазмали материаллар тақдим этилди. 

Форумда Ўзбекистондан тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудий бошқарув органлари вакиллари, олимлар, соҳа мутахассислари ҳам фаол иштирок этишмоқда. 

– Маълумки, минтақамиз учун сув муҳим ҳаётий манбалардан саналади, – дейди Тошкент Давлат Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессори Абдуҳаким Салоҳиддинов. – Мамлакатимизнинг минтақадаги давлатлар билан ҳар томонлама алоқалари сўнгги йилларда сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда. Сир эмас, ота-боболаримиз асрлар давомида минтақадан дарёлар сувидан ўзаро муроса-мадора билан фойдаланиб келишган. Бугун бутун сайёрамизда сув таъминоти глобаль масалалардан бири бўлиб турган бир пайтда трансчегаравий дарёлардан халқаро ва миллий қонунчилик доирасида, оқилона фойдаланиш Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштиришда катта аҳамиятга эга.

Форумнинг иккинчи куни сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишда янги, замонавий технологияларни жорий этиш, мазкур дарёлардаги кичик ҳавза кенгашлари фаолиятини кенгайтириш, бу борада тарғибот ишларини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди. 

Таъкидланганидек, Марказий Осиёда Сирдарё, Амударё, Зарафшон сингари йирик дарёлардан ташқари 200 га яқин кичик трансчегаравий дарёлар оқиб ўтади. Бироқ, негадир ҳар доим ҳам ушбу сув ҳавзаларидаги муаммолар ҳақида гапирилмайди. Ҳолбуки, бу дарёлар минтақадаги халқларнинг умумий бойлиги саналади. Уларни асраб-авайлаш, оқилона фойдаланиш масалаларига, ушбу сув иншоотлари билан боғлиқ муаммоларга минтақадаги давлатларнинг барчасида бирдек эътибор қаратилмаяпти.

Бугунги кунда суғориладиган ер майдонларининг кенгайиши, аҳолининг кўпайиши, иқлим ўзгаришлари, минтақадаги музликларнинг қисқариб бориши ҳар биримиздан бу масалага янада жиддийроқ эътибор қаратиш лозимлигини талаб этмоқда.

Форумда сўзга чиққанлар бу борадаги муаммоларни ҳал этишда кучларни бирлаштириш лозимлигини, замонавий тажрибалардан биргаликда фойдаланиш кераклигини қайд этишди.

Албатта, бу борада аҳолининг саводхонлигини ошириш, турли қўлланмалар чоп этиш, жойларда семинар-тренинглар ўтказиш ҳам маълум маънода самара бериши мумкин. Аммо, бу билан аҳолининг барча қатламларини бирдек қамраб олиш қийин.

– Марказий Осиё минтақавий экология маркази Ўзбекистон филиали томонидан амалга оширилаётган UZWaterAware лойиҳаси журналистлар, маҳаллий аҳоли вакиллари, хусусан, ёшларни қамраб олиш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда, – дейди ушбу лойиҳа мутахассиси Екатерина Устиненко. – Жорий йил май ойида бир гуруҳ журналистлар билан Оролбўйи ҳудудига пресс-тур уюштирилди. Журналистлар Оролбўйидаги экологик вазият билан яқиндан танишишди. Яқинда ўқувчилар ўртасида сувни эъзозлаш мавзусига бағишланган иншолар ва суратлар танловини ўтказдик. Унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан юзлаб ўғил-қиз иштирок этди. Оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мавзусидаги турли қизиқарли, оммабоп материалларни эълон қилиб боряпмиз. 

Форум иштирокчилари кичик трансчегаравий дарёлардан фойдаланишда ортиқча сув сарфига йўл қўймаслик учун томчилатиб суғориш, ёмғирлатиш, сув сарфини ҳисоблашда замонавий агрегатлар, ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш бўйича таклиф ва тавсиялар беришди.

Трансчегаравий дарёлар ҳавзасида, чегара ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари иштирокида маданий маърифий тадбирлар ўтказиш таклифи ҳам илгари сурилди. Масалан, Исфара дарёси ҳавзасида уч йилдан бери Исфара – дўстлик дарёси” мавзусида Қирғизистон ва Тожикистонда байрам тадбирлари ўтказиб келинади. Ушбу дарёнинг ички қисми Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтади. Келгусида ушбу байрамда Ўзбекистон вакилларининг ҳам фаол иштирокини йўлга қўйиш таклиф этилди. 

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ва Чортоқ туманлари ҳамда Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи Подшо-ота дарёси бўйида ҳам икки мамлакат вакиллари иштирокида тадбирлар ўтказиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Манбаъ: http://uza.uz/

logo_uz