Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ахборот-ресурс маркази томонидан “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида “Томчи” мобиль иловаси ишлаб чиқилди.

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан беғараз молиялаштирилган мазкур илова қулайлиги билан ажралиб туради. Жумладан, у фермерлар, сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари ва бошқа сув истеъмолчилари, шунингдек, суғоришда сув тежамкорлиги технологияси ишлаб чиқарувчи ҳамда ўрнатувчи тадбиркорлар учун мўлжалланган. Иловадан қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларида ишлаётган мутахассислар, тармоқ олий ўқув юртларининг талабалари ва профессор-ўқитувчилари, сув ресурсларини бошқариш масалаларига бевосита алоқадор бўлган кенг жамоатчилик фойдаланиши мумкин.

Илова суғоришда тежамкорлик усуллари ҳақидаги ахборотларга тезкорлик билан эга бўлиш, уларнинг афзалликларини тушунтириш ҳамда сув тежамкорлиги технологиясини жорий этишнинг тахминий баҳосини ҳисоблаш имконини беради. Шу маънода, уни ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар ўртасидаги ягона ахборот майдони, десак, бўлади.

Шу билан бирга, илова ихчам ва қулайлиги, таъсир доираси кенглиги, шаффофлиги ва соддалиги билан ҳам диққатга сазовор. Масалан, у тежамкор технология баҳосини ҳисобловчи калькуляторга эга бўлиб, томчилатиб, ёмғирлатиб, кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш ва бошқа технологиялар самарадорлигини ҳисоблаб беради.

Бундан ташқари, унда видео ва фотогалерея, мавзу бўйича китоб ва Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низоми ва бошқа асосий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, яъни фойдали электрон ресурслар мавжуд.

Мобиль илова Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ахборот-таҳлил ва русурс маркази порталига уланади. Унда сувни тежаш технологияси ҳақидаги мукаммал ахборотлар, шунингдек, сув ресурсларини бошқаришнинг барча йўналишлари бўйича маълумотлар жойлаштирилади.

Манбаъ: http://xs.uz/