foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

БМТ шафелигида Оролбўйининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаш бўйича жамғарма ташкил этилмоқда.

27 ноябрь куни Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган юқори даражадаги тадбир бўлиб ўтади.

Тадбир Ўзбекистон, Норвегия ва Япония ҳукуматлари томонидан БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича бўлими, БМТнинг Ўзбекистондаги мамлакат гуруҳи ва БМТнинг кўпшериклик мақсадли жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Юқори даражадаги тадбир БМТ шафелигида Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди (ИХКТФ) фаолиятининг расмий бошланишига бағишланган. Тадбир давомида инсон хавфсизлиги концепциясини қўллаш орқали Орол инқирози натижасида азият чеккан аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари таҳлил қилиш ва уларни таъминлашга асосланган жамғарманинг стратегияси дастури тақдим этилади. Шунингдек, миллий ва минтақавий чегаралардан аллақачон чиқиб бўлган ва борган сари бутун халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилаётган Орол денгизининг экологик инқирозига халқаро жамоатчилик ва донор мамлакатлар эътиборини қаратиш тадбирнинг яна бир мақсадидир.

2018 йилнинг 22 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва доимий ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақидаги 72/283 рақами остида Резолюцияни қабул қилди.

Резолюцияда Марказий Осиё давлатлари ўртасида янада қалин ва кенг мувофиқлаштирилган ҳамкорликнинг аҳамияти таъкидланган ва аъзо давлатларга, жумладан, «Орол денгизини қуришининг экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатишга йўналтирилган Марказий Осиё давлатларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш» ҳақидаги мурожаат ўрин олган. Резолюцияда БМТ тизимидаги ихтисослашган муассасалар, жамғармалар ва дастурларга «Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик, интеграциялашув ва барқарор ривожланишнинг устуворликларини қўллаб-қувватлашда ўзларининг дастур ва тадбирларини келишиб олишга» қатъий даъват ўрин олган.

Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари

Қачонлардир жаҳондаги энг катта кўлларнинг тўртинчиси бўлган Орол денгизини қуриши дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бири бўлиб, минтақадаги ҳукуматлар ва ҳамжамиятлар учун қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий, тиббий ва гуманитар муаммоларнинг сабабчиси, деб ҳисобланади. Охирги 50 йил мобайнида Амударё ва Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган сув миқдори беш карра қисқарди, денгиз ҳажми эса 14 маротабага кичрайди. Денгиздаги сувнинг шўрланиш даражаси 25 маротабага ошди ва жаҳон океанларининг минераллашув даражасидан анчагина ошиб кетди. Қачонлардир овчилик тараққий этган сувлар ўрнида бугун майдони 5,5 миллион гектарга тенг бўлган қум-туз чўли юзага келди, бу ерда қум ва туз бўронлари авж олмоқда ва улар ҳар йили бир неча минг километр масофагача 75 миллион тоннадан кўпроқ қум ва тузни атмосферага тарқатмоқда.

Орол фожиаси минтақадаги иқлим шароитини оғирлаштирди, ёз даврида қуруқлик ва жазирамани кучайтирди, совуқ ва қақшатқич қишларни узайтириб юборди. Мутахассисларни башоратига кўра, 2035−2050 йилларга келиб минтақадаги ҳаво даражаси ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан яна 1,5−3 даражага ўсиши мумкин. Ундан ташқари, Орол фожиасининг таҳдидли таъсири бутун дунёда кузатилмоқда. Халқаро экспертларни таъкидлашича, Орол минтақасининг заҳарли тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ва Ер куррасининг кўплаб бошқа жойларида топилган.

Жамғарманинг мақсадлари нималардан иборат?

Аҳолининг турмуш фаолияти билан боғлиқ бўлган тиббий, иқтисодий ривожланиш, экологик вазият, ижтимоий ҳимоя ва бошқа шу каби соҳалар билан боғлиқ бўлган Оролбўйининг зарурий муаммоларини ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаш.

Ўзбекистон ҳукумати, БМТ агентликлари ва Траст фондининг стратегияси доирасидаги донорлик ҳамжамиятларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минтақани ривожланиш жараёнига биргаликдаги ёрдамни таъминлаш.

Оролбўйи минтақаси муаммосига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш ва минтақа ривожи учун техник ва молиявий ресурсларни сафарбар қилиш.

Оролбўйи минтақасига экологик инновациялар ва технологияларнинг ўзига хос бўлган «хаби» сифатида минтақани барқварор ривожини таъминлаш мақсадида янги билимлар, инновацион технологиялар ва ёндашувларни жалб қилиш.

Жамғарма юқоридаги мақсадларга қандай қилиб эришади?

Жамғарма турли манфаатдор томонларнинг, шу жумладан, халқаро молиявий ва донор ташкилотлар, Ўзбекистон ҳукумати, миллий минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органлари, БМТ агентликлари ва жамоатчилик ташкилотларининг тажрибасини ўзида бирлаштиради. ИХКТФнинг фаолияти қисқа муддатли чора-тадбирлар билан чекланиб қолмайди, балки, маҳаллий ҳамжамиятларни фаол жалб қилган ҳолда, Жануб-Жануб дастури бўйича ҳамкорлик орқали технологиялар билан алмашинувга кўмак берувчи мажмуавий инновацион ечимларни илгари суради. Бу ечимлар, аслида, оқибатларга муносабат билдириш эмас, балки уларни профилактикасига йўналтирилган. Шундай қилиб,ИХКТФ фаолияти ва унинг лойиҳалари илғор жаҳон тажрибасига мувофиқ тарзда ривожланиш мақсадларига етишиш учун стратегик, шаффоф ва адолатли ҳамкорликни қўллаб-қувватловчи дастурий ёндашувни қўллаган ҳолда Ҳукуматнинг Оролбўйи минтақаси муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини тўлиғича тўлдиради ва давом эттиради.

Бундан ташқари, унга қуйидагича эришилади:

  • Траст фонди стратегиясида назарда тутилган Оролбўйи минтақасида яшайдиган аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини аниқлаш бўйича ижтимоий тадқиқотлар натижалари асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали. Тадқиқот 2018 йилда Қорақалпоғистоннинг энг кўп азият чеккан 8та туманида ўтказилди ва 1600та уй хўжалигини қамраб олди.
  • БМТ шафелигида, Жамғарма молияларини маъмуриятлаштиришнинг шаффоф жараёнини таъминлаш орқали — у БМТнинг кўпшериклик траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги офиси томонидан амалга оширилади.
  • Ўз маблағлари қаерга инвестиция қилинишини «он-лайн» усулида билиб олиш имконига эга бўлган донор ташкилотларини жалб қилиш имкониятидан фойдаланган ҳолда лойиҳаларни шаффофлик тарзида танлаш, тасдиқлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилишни таъминлаш орқали.
  • Жамғарма халқаро меъёрлар ва стандартларга мувофиқ равишда лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва лойиҳаларни амалга оширишда миллий тузилмаларнинг салоҳиятини оширади.
  • Жамғарма Стратегияда ёзиб қўйилган аниқ натижаларга эришишни мақсад қилиб қўйган ва бунинг учун умуман Жамғарма фаолияти ва унинг халқаро талаблар ва маҳаллий қонунчилик доирасидаги лойиҳаларини мониторинг қилиб бориш, баҳолаш ва ҳисоб-китоб қилиш тизимини таъминлайди.

Аҳоли учун манфаат нималардан иборат?

Инсон ҳуқуқлари, эҳтиёжларига асосланган ва ўз мақсади йўлида кенг қамровли бўлган трансформацион ИХКТФни ташкил этиш ғояси жаҳондаги энг йирик антропоген фалокатлардан бирининг оқибатларини бартараф қилиш бўйича кўп секторли ва инсонларга мўлжалланган чора-тадбирларни жамлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган. Бир неча мақсадларни мўлжаллаш зарур: иш жойларини ташкил этиш, табиат ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ижтимоий хизматларни яхшилаш, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини мустаҳкамлаш, шу жумладан, қийин шароитлардаги аёлларни қўллаб-қувватлаш, қўшма режалаштириш ва ташаббусларни амалга ошириш воситасида самарали бошқарувни ривожлантириш.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати юқорида зикр этилган йўналишлар, шу жумладан, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2017−2021 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида қатор дастурларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарманинг мақсади — Фонднинг бирлашган Стратегияси асосида мувофиқлаштирилган донорлик кўмагини жалб қилиш йўли билан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлдиришдан иборат. Жамғарма, шунингдек, Оролбўйининг энг заиф ва узоқ ҳудудларига ва ҳамжамиятлар билан бевосита ишлашга кўпроқ эътиборни қаратади.

Манбаъ: https://www.gazeta.uz

logo_uz