1995 йилнинг 15 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференцияси 28-сессиясида резолюция қабул қилди. Унга кўра, маъриф ва маданий анъаналарни ривожлантириш мақсадида, 1996 йилдан бошлаб ҳар йили 23 апрелда Жаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқлари куни нишонланади.

Ўша йили болалар ва ўсмирлар адабиёти тарғиботи билан шуғулланганларни мукофотлаш мақсадида ЮНЕСКО мукофоти ҳам таъсис этилди. Чунки китоб илмни кенг тарқатиш ва билимни сақлаб қолишнинг бирдан бир манбаидир. 

Қабул қилинган резолюцияда шу куни китоб кўргазмаси ва ярмаркаларини ўтказиш тавсия қилинади. Тадбир ўтказишда бошқа мамлакат ва ташкилотларнинг тажрибасидан фойдаланиш ҳам кўрсатиб ўтилган. Масалан, 1926 йилда Испания қироли Альфонс XIII Мигеля Сервантес вафот этган 23 апрелда мамлакатда испан китоби кунини ўтказиш тўғрисидаги декретга имзо чекди. 1931 йилдан бошлаб кимда ким китоб харид қиладиган бўлса, унга атиргул совға қилиш аъанаси пайдо бўлди.

Бу кунни ёзувчи, шоир, ношир ва кутубхоначилар ҳақли равишда ўзларининг байрами сифатида кенг нишонлайдилар. Китоб туфайли биз нафақат илм оламиз, балки инсониятнинг ижодий ютуқлари ҳамда гўзалликни англаш йўлида маънавий ва руҳий озиқ оламиз. Китоб нафақат Ахборот тарқатувчи восита, балки илм ва ижод асоси ҳамдир. Ҳаётимизга ахборот олишнинг электрон манбалари тезлик билан кириб келаётганига қарамай китоб ўз аҳамиятини асло йўқотмади ва йўқотмайди. Чунки, айнан ёзув орқали онгли инсоният тарихи бошланган. Китоб орқали нафақат ўзимизнинг, балки бошқа халқларнинг маданияти, анъаналари ва тарихидан ҳам хабардор бўламиз. Китоб орқали инсон дунёни ўзича тушунади. Ўз қаҳрамонларини яратади.

Китоб — бу маданий хилма-хиллик дунёсига очилган эшикдир. Китоб турли замон ва маконлар цивилизациясини боғловчи кўприкдир. Шу ўринда покистонлик мактаб ўқувчиси ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малала Юсуфзайнинг БМТ минбаридан туриб айтган сўзлари ёдга тушади. У юксак минбардан туриб: “Келинглар, қўлимизга китоб ва қалам олайлик. Улар бизнинг қудратли қуролимиздир!”, деган эди. Дарҳақиқат, денгиз қаъридан марварид олиб чиқилади, китоб қаъридан эса билим чиқади.

Жаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқлари кунини нишонлар эканмиз, ҳар бир халқ ва давлатнинг маданиятини сақлаш ва уни дунёга тарқатишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади. Китоб инсоният маданий меросини такомиллаштириш ва муҳофаза қилишдаги саъй-ҳаракатларимизда асосий кўмакдош ҳисобланади. Шу сабаб бўлса керак, йилдан йилга бу байрамга қизиқувчилар сони ортиб бормоқда.

2001 йилдан бошлаб яхши бир анъана пайдо бўлган. Яъни, бир йил давомида қайсидир шаҳар Жаҳон Китоблари пойтахти мақомига эга бўлади. Шаҳар ЮНЕСКО томонидан таъсис этилган қўмита томонидан танланади. Қўмитага ЮНЕСКО, Халқаро нашриётлар иттифоқи, Халқаро кутубхоналар уюшмаси федерацияси ва Халқаро китобсавдоси федерацияси вакиллари кирган. 

Шу кунгача Жаҳон китоблари пойтахти шарафига Мадрид (Испания), Искандария (Миср), Деҳли (Ҳиндистон), Монреаль (Канада), Богота (Колумбия), Буэнос Айрес (Аргентина), Бангкок (Таиланд), Порт-Харкорт (Нигерия), Вроцлав (Польша) ва бошқа шаҳарлар муяссар бўлган. ЮНЕСКО қарорига кўра, ўтган йили Жаҳон Китоблари пойтахти сифатида Гвинея Республиксининг пойтахти Конакри эълон қилинган эди. Бу мақомга эришиш йўлида республика ҳукумати саводсизликни тугатиш, бадиий адабиётларни тарқатиш йўлида катта ишларни амалга оширди. 

Бу йил Жаҳон Китоблари пойтахти сифатида Афина эълон қилинди. Бу шаҳар китоб саноатини қўллаб-қувватлашдаги фаол ҳаракати учун танланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилди. Бунда Ўзбекистонда таълим берилаётган еттита тилда дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилмоқда. Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техника базаси янгиланиб, замонавий электрон кутубхоналар тизимлари фаолият кўрсатмоқда.

Матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасида тегишли ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинган. 1 минг 677 та матбаа корхонаси, 118 та нашриёт давлат рўйхатидан ўтган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200га яқин ахборот-ресурс маркази томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари ҳамда “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари томонидан китоб савдоси хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори ҳам китоб тарғиботи йўлида мамлакатимизда амалга оширлаётган эзгу ишларнинг яққол кўринишидир. Қарoрга кўра, бу ерда доимий равишда китоблар кўргазмалари ва тақдимотлари, турли адабий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган адабий марказ ташкил этилади.

Манбаъ: http://jahonnews.uz/