foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Табиатни асраш ва унинг бойликларидан оқилона фойдаланиш, унда юз бераётган айрим кўнгилсиз ҳодисаларни бартараф этишга ҳисса қўшиш инсоният учун глобал аҳамиятга эга масалалардан бири ҳисобланади.

Бугун жонажон юртимиздаги шаҳар ва туманларимиз, қишлоқларимизда бир-биридан кўркам, замонавий бинолар, муҳташам турар жойлар барпо этилмоқда. Ўзимиз яшаётган, эҳтиёжларимиз учун фойдаланаётган ерни “Она замин” дея ардоқлаймиз. Аммо еримизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга етарли даражада эътибор беряпмизми? атроф-муҳитга ҳар доим ҳам адолатли муносабатда бўл япмизми?.

Сайёрамизда техника ва саноат жадал ривожланиб, аҳолининг табиий ресурслардан фойдаланишга эҳтиёжи ортиб бораётган бугунги кунда табиатни муҳофаза қилиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш глобал аҳамиятга эга масалалардан биридир. Шундай экан бу борадаги ишларга барчамиз масъулмиз. 

Атроф-муҳитимизни муҳофаза қилишимиз, ўзимизнинг соғлигимиз, келажагимиз муҳофазасидир. Мамлакатимизда инсонларнинг табиат бойликларига муносабати, бурч ва масъулиятлари Бош Қомусимизда ўз аксини топган. Конституциямизнинг 50-моддасида: “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, 55-моддасида: “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб белгилаб қўйилган. 

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бетакрор табиатимиз ва ундаги биохилма-хилликни асрашда, бу борадаги экологик қонунчиликни ривожлантиришда Конституциямиз муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилиб, тегишли давлат дастурлари асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Атмосфера тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги каби бир қанча қонунлари ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Табиат ва унинг ресурслари ҳаётимизнинг асоси эканлигини назарда тутсак, экологик қонунчилик иқтисодиёт ва экологиянинг ўзаро боғлиқлигини ҳамда мамлакатимиз халқининг иқтисодий ва экологик манфаатлари бирикмасини илмий асослаш заруратини ҳамда табиат ва унинг ресурслари экологик жиҳатдан ҳаёт пойдевори сифатида, иқтисодий жиҳатдан фаолият пойдевори сифатида мустаҳкамлайди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш экологик хавфсизлик, аҳоли саломатлиги ва ҳаётий кўрсаткичлари юқори бўлиши, табиий экотизимлар сақланиб қолинишида долзарб ҳисобланади. Бу эса ҳар биримиздан мазкур масалага масъулият билан ёндашишни, табиат инъом этган жами неъматларни асраб-авайлашни, қадрлашни талаб этади.  Бинобарин, ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, аҳоли турмуш ва саломатлик даражаси, миллий экологик хавфсизлиги табиий тизимларни барқарорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга бевосита боғлиқ. Юртимизда бебаҳо табиий бойликларни асраш, экологик барқарорликни таъминлаш жараёнига давлат органлари қаторида, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, экспертлар, олимлар, мутахассислар, хуллас, кенг жамоатчилик жалб қилинаётгани бу борада ўз самарасини бермоқда.

Табиатга оид ҳар бир нарсани, яъни диёри­миз­даги ўсимлик ва ҳайвонот оламини асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. 

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, табиатни асраш ва уни севиш биз, инсонларнинг зиммасидаги муҳим вазифа, бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз даркор.

 Самад БЕГИЕВ

Ўзбекистон экологик ҳаракати

координатори 

logo_uz