foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИК ҲАРАКАТИ

ДАСТУРИ 

Ўзбекистон мустақилликка эришган вақтдан бошлаб юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва эл фаровонлигига эришиш йўлида ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий янгиланиш ва бунёдкорлик стратегияси изчил амалга ошириб келинмоқда.

Ижтимоий йуналтирилган бозор иқтисоди, мустақил Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилиш тизими босқичма-босқич ривожланмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кучли ижтимоий сиёсат натижасида аҳолининг реал даромадлари ва фаровонлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Моҳияти ва мазмуни жихатидан мутлақо ўзига хос бўлган таълим ва маориф, кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ва маданият тизимлари яратилди.

 

Хаётимизга Ватан тақдири ҳақида қайғурадиган, мамлакатнинг бугуни, келажаги учун масъулиятни чуқур ҳис қиладиган, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбияланган, замонавий демократик жамият қуриш ва мамлакатни модернизациялаш йўлидаги кенг миқёсли вазифаларни амалда бажаришга кодир бўлган, мустақил ва замонавий фикрловчи янги кадрлар кириб келмоқда.

Мамлакатимизнинг тараққиёт ва демократия йўлидан изчил боришида Ўзбекистонда мавжуд бўлган бой табиий ресурсларга таянилади. Мустақил тараққиётнинг илк кунлариданоқ улардан окилона фойдаланиш ва келгуси авлод учун соф атроф табиий муҳитни асраб-авайлаш йўлидан борилмоқда. Бу, мамлакатимиз аҳолисининг маънан бой ва соғлом хаётини таъминлашдаги асосий шарт ва омиллардан биридир.

Ҳалқимиз бошидан ўтказган тоталитар, маъмурий-буйруқбозлик тизими атроф муҳитга беписанд муносабатда бўлиш, табиий ресурсларни талон-тарож қилиш билан тавсифланарди. Ушбу давр ўсимлик ва хайвонот дунёсининг генофондига салбий таъсирни, биологик хилма-хилликнинг қискариши, катта ҳажмдаги саноат ва бошка турдаги чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг деградацияси, Орол денгизи ҳалоқати каби минтақавий ва глобал микёсда ечилиши зарур бўлган экологик муаммоларни бизга мерос қилиб қолдирди. Бу ва шу каби муаммолар инсон ҳамда унинг манфаатлари ҳимояси, биринчи навбатда, унинг соғлом ва мусаффо атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этган замонавий Ўзбекистон учун зарур бўлган атроф табиий муҳитни асраб-авайлаш ва соғломлаштириш масалаларини янада долзарб қилиб қўйди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатлари олдини олиш борасида муайян тажриба орттирилди. Аммо соҳадаги вазифаларнинг миқёси ва кўлами мамлакатимиз ҳамда минтақада экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини яхлит холда ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади. Соғлом атроф муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлиши лозим.

Шу муносабат билан Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ташкил этилганлиги бугунги куннинг қатъий талаби ҳисобланади. Экоҳаракат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида экологик йуналтирилган ёндошув Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишида энг муҳим омил бўлиб ҳисобланишига ишонган, атроф муҳит ва инсон саломатлиги ҳақидаги ғояларни қўллаб-қувватловчи ҳамда уларни амалга ошириш истагида бўлган мамлакатимиз фуқароларини бирлаштиришга йўналтирилгандир.

Экоҳаракат Ўзбекистон фуқароларининг ҳозирги ва келгуси авлоди қулай атроф табиий муҳит шароитида яшаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, табиий ресурсларнинг барча мажмуини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳуқуқларини сўзсиз таъминлашга қаратилган янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштиришда жамиятнинг бор куч ва салоҳиятини сафарбар қилишга интилади.

Экоҳаракат «Соғлом муҳит — инсон саломатлиги» ғоясини ўзининг асосий шиори ҳисоблайди ва уни амалда бажарилишини таъминлаш мақсадида ўз олдига қуйидаги дастурий вазифаларни қўяди.


I. Атроф муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама

кучайтириш

Экоҳаракатнинг асосий эътибори атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг умумий вазифаси булиб қолишига йўналтирилади.

Ушбу мақсадларда Экоҳаракат саъй-ҳаракатларини:

-    уз иштирокчилари ва ҳамкор ташкилотларида минтақавий, миллий ва маҳаллий экологик ҳамда аҳоли саломатлиги муҳофазасига оид яхлит дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни бажаришдаги амалий иштирокларини фаоллапггиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни шакллантиришга;

-    Экоҳаракат иштирокчилари ва ҳамкорларининг давлат органлари, жамоат тузилмалари томонидан мавжуд экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси борасида масъулиятини кучайтиришга қаратилган фаолиятларини мувофиқлаштиришга;

-    жамоат бирлашмалари, жамоат фондлари ва бошка нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорликларини муайян экологик муаммоларни хал этишдаги самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришга йўналтиради;

-      Экоҳаракат шунингдек, ҳалқаро ва чет эл экологик ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали атроф муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси бўйича самарали ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ўз хиссасини қўшишга интилади.

 

II. Атроф табиий муҳит муҳофазаси масалаларида қабул қилинган конунлар ва давлат миқёсидаги бошқа қарорлар ижросини

таъминлаш ҳамда бу соҳадаги қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича тизимли ишларни юритиш

Экоҳаракатнинг асосий вазифаларидан бири давлат идоралари, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари, барча корхона ва муассасаларнинг атроф муҳит муҳофазаси, сув ва ҳаво ҳавзалари, ер ва биологик ресурслар ҳолатини яхшилаш ҳамда уларни чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш соҳасидаги амалдаги қонунлар ва бошқа қарорлар ижросини таъминлаш бўйича ишларини қўллаб-қувватлаш ва кенг жамоатчилик кўмагини шакллантиришдан иборат бўлади.

Шу билан бирга Экоҳаракат давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органлари томонидан экологик ва табиатни муҳофаза қилиш борасидаги масалаларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш, экологик ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси соҳасидаги қонунчиликни ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро шартномаларига мувофиқ ҳолда ривожлантириш мақсадида янги қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши, амалдаги қонунлар ва бошка норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши бўйича ташаббуслар билан чиқади.

Хусусан Экоҳаракат:

-фуқароларнинг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоялашга ҳамда табиатдан фойдаланиш соҳасида иқтисодий меҳанизмларни жорий этишга қаратилган экологик хавфсизликни яхлит тарзда таъминлаш бўйича қонун ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни амалга оширишга кўмаклашишга;

-мамлакатда экологик ҳуқуқбузарликлар ва табиатга бошқача тарзда зарар етказганлик учун корхона ва ташкилотларнинг, мансабдор шахслар ва алоҳида фуқароларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга;

-экологик ҳуқуқбузарликлар ва табиатга зарарли бўлган бошка таъсирлар окибатларини бартараф этиш, шу жумладан, трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган ҳолатларда ҳам улар томонидан атроф муҳитга ва инсон саломатлигига етказилган зарарни қоплашни ҳуқуқий жихатдан тартибга солиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга ёрдамлашади.

Экоҳаракат куйидаги максадларга йўналтирилган янги конунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, амалдаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришни қўллаб-қувватлаш борасида жамоатчилик ташаббус­корлигини ривожлантиришни муҳим деб ҳисоблайди:

- саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва энергетиканинг барча соҳаларида эко­логик тоза ва хавфсиз, сув, ресурс ва энергияни тежовчи технологияларни амалиётга татбиқ этишни ташкил этишда иқтисодий, молиявий, солиқ ва бошқа воситалар ҳамда рағбатлантириш усуллари қўлланилишини янада такомиллаштириш;

- энергетика ресурсларидан тежамли фойдаланиш ва босқичма-босқич қайта тикланувчи энергия турларига ўтиш;

-янги самарали услублар ҳамда инновацион қишлоқ хўжалиги технологияларини қўллаш ҳисобига ер унумдорлиги ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш;

-табиатни муҳофаза қилиш конунчилигини бузиш ишлаб чиқарувчига наф келтирмайдиган тарздаги солиққа тортиш ва табиатни муҳофаза қилиш фаолияти учун имтиёзлар беришнинг самарали тизимини яратиш.

 

III. Атроф табиий муҳит муҳофазаси ва шу мақсадларга ажратилган ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида қабул қилинган ҳужжатларни ижро этишда марказ ва жойларда давлат органлари, жамоатчилик ва бошқа тузилмалар масъулиятини ошириш

Экоҳаракат атроф табиий муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан ҳамда шу мақсадларга ажратилган маблағлардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари, давлат микёсидаги бошқа қарорларнинг бажарилиши учун марказда ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, корхона, муассаса ҳамда ташкилотлар масъулиятини оширишга ҳар томонлама кўмаклашади.

Бунинг учун асосий эътибор марказда ва жойларда давлат ҳокимияти органлари, корхона, ташкилот ва муассасалар мансабдор шахсларининг қонунлар ҳамда бошқа давлат қарорларини бажариш бўйича жавобгарлигини оширишга йўналтирилади:

-муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва объектлар, экологик сертификатлаш ва экспертиза тўғрисидаги, чиқиндилар билан муносабатда бўлиш ҳамда ишлаб чиқаришдаги экологик талаблар тўғрисидаги;

-сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида, ер тўғрисида, ер ости бойликлари тўғрисида, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида, ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги;

-мамлакат аҳолисини сифатли ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш ишларини жадаллаштириш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолини сув ресурслари­дан тежамкорлик билан оқилона фойдаланиш борасидаги жавобгарлигини кучайтириш;

-Ўзбекистон Республикасининг атроф табиий муҳит мониторинги дастурлари ҳакидаги;

-Оролбуйи ва мамлакатнинг бошқа экологик ноқулай ҳудудларида экологик ҳолатни барқарорлаштириш, қайта тиклаш ва соғломлаштириш;

-экологик хатарли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли генофондини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қушимча чора-тадбирлар;

-аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Экоҳаракат давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан қуйидаги йўналишлар бўйича кабул килинган максадли минтакавий ва худудий дастурларнинг, экологик конунчиликнинг жойларда бажарилишида кўмаклашишга интилади:

-табиатни муҳофаза қилиш объектлари ва иншоотлари инфратузилмасини ривожлантириш, табиий экотизимга зарарли таъсирини камайтириш мақсадида мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш;

-аҳоли пунктлари ва шаҳарларнинг экологик ҳолатини яхшилаш ҳамда ободонлаштириш, замонавий урбанизация жараёнининг салбий экологик окибатларини бартараф этиш;

-қишлоқларда маданий-маиший турмуш тарзини, айникса, унинг санитар-гигиеник ва экологик омилларини яхшилаш;

-интенсив шамол эрозияси ва чўл худудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳамда шаҳарлар атрофида яшил ҳимоя тизимларини барпо қилиш;

-соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва генофондни муҳофаза қилиш.

Бундан ташқари, Экоҳаракат жойларда табиатни муҳофаза қилишга йўнал­тирилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, бу мақсадлар учун давлат бюджети, тўрридан-тўрри хориж сармоялари ҳамда ҳомийлар маблағгаридан ўз вақтида, тўлик ва самарали фойдаланиш устидан мунтазам жамоатчилик экологик мониторингини таъминлашга уз эътиборини қаратади.

 

IV. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш

Экоҳаракат ҳозирги кунда глобаллашиб бораётган экологик муаммоларни фақат хўжалик фаолиятида ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни жорий этиш, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш ва соҳада қонунчиликни такомиллаштириш билангина ҳал этиш мумкин эмаслигини эътироф этади.

Аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ҳар бир инсонда атроф муҳитга эхтиёткорона муносабатда бўлиш, мамлакатнинг ноёб табиатини келгуси авлод учун асраб-авайлаш ҳиссини шакллантириш бугунги кунда экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф муҳитга салбий техноген ҳамда антропоген таьсирларнинг олдини олишнинг асосий омили бўлиб бормоқда.

Экоҳаракат экологик фикрни шакллантириш, экологик таълим ва тарбиянинг самарали тизимини ишлаб чиқишга йўналтирилган ҳамда мустақиллик йилларида илгари сурилган «Ҳамма нарса инсон учун ва унинг келажаги учун» тамойилини амалга ошириш ишларини ташкил этишда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини муҳим деб хисоблайди.

Аҳолининг экологик билимларини оширишда Экоҳаракат қуйидаги йўналишлардаги давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этишни назарда тутади:

-      узлуксиз экологик таълим ва барқарор ривожланиш учун таълим дастурини шакллантириш ва амалга ошириш;

-  экология соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқлари, иқтисодиёт ва бошқарув, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари раҳбарлари ҳамда мутахассислари экологик маълумотини оширишнинг самарали тизимини яратиш;

- экологик таълим-тарбия жараёнига, масофадан туриб ўкитиш ва таълим бериш имкониятларини ўз ичига олган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;

- умумтаълим мактаблари ва бошқа ўқув муассасалари, оила, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ёшларнинг экологик таълими ва тарбияси борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш.

Аҳолининг экологик маданиятини ошириш вазифасини хал этишда Экоҳаракат халкимизнинг доимо табиат ва инсон уйғунлигига эришишни таъминлашга интилиш, келгуси авлод учун уни асраб-авайлаш, сувдан тежамли фойдаланишдек асрий анъаналари ва қадриятларидан иборат маданий меросига мурожаат қилишни муҳим деб ҳисоблайди. Халкимизнинг маданий мероси замонавий экологик дунёкарашни, мамлакат аҳолисига экологик таълим-тарбия беришни шакллантиришда муҳим ахамият касб этиши шубхасиздир.

Экоҳаракат атроф муҳитга окилона ёндошишни, унга эхтиёткорона муносабатда бўлишдек экологик дунёкарашни жамият хаётининг барча жабхаларида оммалаштиришни ўзининг муҳим дастурий вазифаси деб билади ва ушбу вазифани фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликда ҳал этади.

Мавжуд экологик муаммоларга жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш, уларни изчил ҳал этишнинг энг мақбул йўлларини муҳокама қилишни ташкил этиш, атроф табиий муҳит муҳофазаси ҳолати, уни муҳофаза қилиш ишлари ҳакида фуқароларни ҳаққоний ва тезкор ахборот билан таъминлаш мақсадида Экоҳаракат мавжуд оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади ҳамда ўзининг оммавий ахборот воситалари ва Интернет ресурсларини ташкил этади.

Экоҳаракат атроф табиий муҳит муҳофазаси соҳасида ресурс ва энергия тежовчи, экологик тоза технологиялар борасидаги илмий изланишларни ривожлантиришда кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлашини таъминлаган ҳолда бугунги кунда фан ва таълим соҳасига сарфланаётган маблағлар мамлакатимизда келажагимиз эгаларига хизмат қиладиган, экологик маданияти юкори, юксак интеллектуал жамиятни шакллантиришга мустаҳкам пойдевор бўлади, деб хисоблайди.

 

V. Атроф муҳит муҳофазаси соҳасида ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантириш

Экоҳаракат атроф муҳит муҳофазаси чегара билмаслигини назарда тутиб, ҳалқаро ва чет эл экологик жамоат ташкилотлари билан алоқаларни изчил равишда ривожлантиради ва мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон ҳалқаро ҳуқуқнинг энг мухим экологик ҳужжатларига — БМТнинг чўлланишга қарши кураш, биоҳилма-ҳилликни асраш, иқлим ўзгариши, трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ва бошқа конвенцияларига кўшилганлигини назарда тутиб, Экоҳаракат атроф муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш борасидаги самарали ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қушишга интилади. Шу мақсадда Экоҳаракат:

- ҳалқаро экологик форумларда Ўзбекистон вакилларининг самарали иштирок этишига;

- экологик муаммолар бўйича икки томонлама ва кўп томонлама ҳалқаро анжуманлар, семинарлар ва учрашувлар ўтказиш амалиётини ривожлантиришга фаол жамоатчилик кўмагини ва қўллаб-қувватлашини таъминлайди.

Марказий Осиёнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш нафақат шу ҳудудда яшовчи халкларнинг ҳаёти ва тақдирига бевосита алоқадор, балки глобал аҳамиятга эга эканлиги ҳамда Орол денгизининг қуриши, иқлим ўзгариши, ер деградацияси, сув ресурсларининг танқислиги ва ифлосланиши, биоҳилма-ҳилликнинг қискариши, ифлосланишларнинг трансчегаравий кўчиши каби муаммоларни ҳал қилиш бир давлат манфаатлари чегарасидан чиқиши ва уларни биргаликда хал этиш заруратини ҳисобга олиб, Экоҳаракат қуйидаги йўналишлар бўйича ҳалқаро лойихаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва уларда фаол иштирок этишни назарда тутади:

-шу ва шу каби ўткир экологик муаммоларни хал этишда ҳамда инсон тараққиёти масалаларида ҳалқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш;

-минтакада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизациялашда экологик йўналиш устуворлигини таъминлаш;

-экологик тоза технологиялар, био ва нанотехнологияларни татбиқ этиш, ишлаб чиқаришда экологик иновацияларни қўллашга қаратилган экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш;

-ҳалқаро молиявий институтларни атроф муҳит муҳофазаси, экологик вазият, экологик тиббий таълим ва тарбияни яхшилаш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор дастур ва лойиҳаларни инвестициялаш ҳамда кредитлашга жалб қилиш.

 

VI. Атроф муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш

Экоҳаракат ушбу мақсадларга эришиш йўлида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Қонунчилик палатасининг депутатлари, махаллий Кенгашларнинг депутатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамиятининг бошка институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиради.

Шу мақсадда Экоҳаракат:

-      давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўртасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини ҳимоялаш масалалари бўйича ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш;

-      умумтаълим мактаблари ва бошқа ўкув муассасалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оила ва шахснинг экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга кўмаклашиш;

-      Ўзбекистонда юксак экологик маданият даражасига, ҳар бир фуқаро томонидан мамлакатнинг ноёб табиати ҳалкимиз тарихий меросининг ажралмас қисми эканлиги ва келажак авлодлар учун уни асраб-авайлаш заруратининг англанишига эришишда барча манфаатдор давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг куч-ғайратларини изчил уйғунлаштиришга интилади.

 

VII. Атроф муҳит муҳофазаси соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш

Экоҳаракат ўзининг дастурий мақсадларини амалга ошириб, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни зарур, деб ҳисоблайди ва атроф муҳит муҳофазаси соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга интилади.

Шу максадда Экоҳаракат:

- муайян экологик муаммоларни ҳал қилиш учун экология соҳасида жамоат бирлашмалари, жамоат фондлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш орқали жамоатчиликнинг фаоллигини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда бу борада ташаббускор бўлишни;

- ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлашни, ёшларни таби­атни муҳофаза қилиш ишига фаол жалб этишни;

- мамлакат ер ва сув ресурларидан тежамли ва самарали фойдаланишдаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида Экоҳаракатга фермерлар ва аграр соҳанинг бошқа ходимларини кенг микёсда жалб этишни;

- одамларда ўз соғлиғини сақлашга, табиат қонунларидан келиб чиққан ҳолда ҳаёт фаолиятларини ташкил этиш муносабатларини шакллантиришга йўналтирилган саломатлик, соғлом турмуш тарзи фалсафасини тарғиб қилишда халк таълими ва соғликни сақлаш органлари, хотин-кизлар ва ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўзаро хамкорлигини мустахкамлашга кўмаклашишни мўлжалламоқда.

***

Жамоатчилик эътиборини экологик соғломлаштириш ва атроф муҳит муҳофазаси муаммоларини изчил суратда ҳал этиш заруратига қаратган ҳолда, Экоҳаракат мамлакатимизнинг барча фуқароларини Она-Ватанимизнинг бебахо табиий бойликларини келгуси авлодлар учун асраб-авайлашдек олий вазифани бажаришда фаол иштирок этишга чақиради.

logo_uz