Жорий йилнинг 26 февраль куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Акбаробод” маҳалласида “Маҳалла ободлиги - шаҳримиз кўрки” мавзуида жамоатчилик билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон экологик ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Экоҳаракат ходимлари, Юнусобод туман прокуратураси, Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Тошкент шаҳар ва Юнусобод туман ДСЭНМ, Тошкент шаҳар Махсустранс бошқармаси, “Диолап Сервис” МЧЖ, “Акбаробод” маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари, фаоллари ва аҳолиси ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Жами 60 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашди.

Давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 3 мавзе, “Акбаробод” маҳалласи ҳудудини ободонлаштириш масалаларига доир муаммоларни экологик назорат соҳасидаги давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги очиқ мулоқот орқали ечимини топишга қаратилган.

Маҳалладаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролардан Экоҳаракат “Ишонч телефон”ига тушган мурожаатга кўра маиший чиқиндиларни махсус жойга олиб бориб ташлашга ҳамма фуқаролар мажбур эканлигига қарамасдан айрим фуқаролар томонидан санитария ва гигиена қоидалари қўпол равишда бузилаётганлиги маълум қилинган.

Таъкидланишича, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаслик сабабли маҳалладаги кўп қаватли уйлар олдидаги ҳудудда нохуш экологик вазият пайдо бўлмоқда. Ҳудудга яқин жойда мунтазам равишда фаолият олиб бораётган чиқиндиларни йиғиш майдончаси мавжуд эканлигига қарамай, одамлар чиқиндиларни автотранспорт воситалари қатнов йўлига ташламоқда.  Бундан ташқари фуқаролар томонидан 19 уй олдида тугалланмаган қурилиш мавжуд бино ёнидаги ҳудудга чиқиндилар ташланиши одат тусига айланиб қолган. Бу эса ўз навбатида ушбу ҳудудда санитар экологик ҳолатнинг бузулишига олиб келмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юзага келган экологик муаммоларни ечимини топиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги масалаларни ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида “ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлаш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва уларнинг санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар режаларини тасдиқлаш; атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ободонлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш” каби вазифалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўзларига берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда аҳоли учун ҳудудларда қулай санитар экологик ҳолат яратиш бўйича ишларни доимий равишда назоратга олишлари лозимлиги тадбирда алоҳида қайд этилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак-ки, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг “Ишонч телефон”ига ўтган давр мобайнида республикамиз бўйлаб фуқаролардан 2100 га яқин турли экологик муаммолар юзасидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 75 % фоизи мутасадди ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал қилинди. Аҳолидан тушган шикоятлар юзасидан муаммоларнинг ечими топиш борасида Экоҳаракат ва тегишли ташкилотлар томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбир доирасида соҳага оид қонунчилик, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, уларни атроф муҳит муҳофазаси соҳасига кенг жалб қилиш, маиший чиқиндиларни зарарсизлантириш юзасидан маърузалар тингланди. Мазкур масала бўйича “Акбаробод” МФЙ фуқаролари ўз фикр-мулоҳазалари билдирдилар.

Тадбир якунида фуқароларни маиший  чиқиндилар билан муомала  қилишга ва уларни санитар қоидаларга риоя қилиш бўйича ҳамда маҳалладаги мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишга, ҳудуддаги экологик вазиятни яхшилаш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш юзасидан тавсиялар берилди.       

Экоҳаракат “Ишонч телефон”и